ЎзА Ўзбек

12.07.2019 16:07 Чоп этиш версияси

Европарламент Ўзбекистондаги ислоҳотларни ижобий баҳоламоқда

Европарламент Ўзбекистондаги ислоҳотларни ижобий баҳоламоқда

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Европа давлатларида бўлиб қайтди.

Делегация аъзолари бир қатор илмий-тадқиқот, эксперт-таҳлилий йўналишдаги муассасалар, “Ақл марказлари” билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида учрашувлар ўтказиб, музокаралар олиб боришди. Муҳим келишувларга эришилди.

Франция, Германия ва Италия давлатларида бўлиб, Европа ҳамжамияти Харакатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг натижалари билан таништирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида Париж шаҳрида жойлашган Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти тадқиқотчилари билан давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда қайд этилишича, Европа парламенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотларни диққат билан кузатмоқда ва уларни ижобий баҳоламоқда.

Депутатлар томонидан мамлакат тараққиётининг барча жабҳаларида қилинаётган ижобий саъй-ҳаракатлар, шу жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишнинг олдини олишда эришилган ютуқлар алоҳида эътироф этилмоқда. 

– Франция Ўзбекистон давлати раҳбарининг шахсий ташаббуси асосида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, жумладан, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсиз ва барқарор ривожланиш зонасига айлантиришга қаратилган сиёсатини юксак баҳолайди, – деди Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти директори Э.Дюпюи.

Парижда ўзаро ҳамкорликка тамал тоши қўйилди. “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти ўртасида ўзаро Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Францияда таълим олиш имкониятлари кенгайиши мумкин. Чунки марказ вакилларининг Франция Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувида айнан Ўзбекистон ёшларини Франциянинг нуфузли олий ўқув юртлари, илмий муассасаларига юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Италияда Осиё ва Африка Ўрта ер денгизи институтининг Осиё ва Африка ишлари бўйича Бош котиби Винченсо Валенти ҳамда Италия-Ўзбекистон дўстлик ва ҳамкорлик уюшмаси вице-президенти Магда Педаче билан учрашув бўлиб ўтди. Институт бош котиби Ўзбекистондаги ислоҳотлар диққат билан кузатиб борилишини маълум қилди. Таъкидландики, Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган чоралар натижалари, мамлакат тараққиётининг барча соҳаларида эришилган ютуқлар экспертлар томонидан тан олиниб, юқори эътироф этилади ва ҳақли равишда ижобий баҳоланади. Бош котиб, шундан келиб чиқиб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш ва ислоҳотларнинг барча йўналишлари бўйича Европа Иттифоқи билан алоқаларни кенгайтириш лозимлигини қайд этди.

Италияга ташриф якунларига кўра “Тараққиёт стратегияси” маркази Осиё ва Африка Ўрта ер денгизи институти ҳамда Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

88-min.jpg

Барқарор ривожланиш фонди билан эса жорий йилнинг ноябрь ойида Рим шаҳрида бўлиб ўтадиган Ecomondo юқори даражадаги халқаро тадбир доирасида меморандум имзоланишига келишилди.

Европа давлатларига уюштирилган ташрифниинг сўнгги манзили Германия Федератив Республикаси бўлди. Марказ делегацияси энг аввало Бундестагда фаолият олиб бораётган қатор партиялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Дунё миқёсида катта нуфузга эга бўлган Бундестаг Германия парламенти бўлиб, қонунлар қабул қилишдан ташқари халқаро шартномаларни ратификация қилиш, Федерал канцлер ва судьяларни сайлаш, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини назорат қилиш, давлат бюджетини тасдиқлаш каби муҳим функцияларни ҳам бажаради.

Ана шундай улкан салоҳиятга эга бўлган Германия парламентида етакчи ўрин тутувчи бир нечта партиялар вакилларининг “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси билан мулоқот қилишга бўлган қизиқишлари – бу, биринчи навбатда, бугун Ўзбекистонда янги босқичда изчил кечаётган демократик ўзгаришлар ва жамият ҳаётида юз бераётган янгиланиш жараёнлари билан боғлиқ, албатта.

Жумладан, Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) партиялари альянсидан Бундестаг депутатлик бюроси раҳбари жаноб Филипп Шмидт, “Иттифоқ 90/Яшиллар” партиясидан депутат Отмар фон Хольтц, “Германия учун муқобил” партиясидан депутат Маркус Фронмайер, Бундестаг парламент маслаҳатчиси, Марказий Осиё бўйича эксперт Андреас Ян билан юзма юз мулоқотлар самимий ва конструктив руҳда кечди.

Уларда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлардан халқаро жамоатчилик хабардор этилди ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олинди.

ЎзА
1 722