ЎзА Ўзбек

09.08.2018 18:21 Чоп этиш версияси

“Еттибулоқ”даги нохуш манзаралар: мутасаддилар нега жим? (+фото)

“Еттибулоқ”даги нохуш манзаралар: мутасаддилар нега жим? (+фото)
Аввал қишлоғидаги “Еттибулоқ” дам олиш масканидаги нохуш ҳолатларга мутасаддилар бефарқ муносабатда бўлмоқда.

Фарғона вилоятининг Фарғона туманидаги Шоҳимардон, Водил, Чимён, Аввал каби сўлим қишлоқлар ҳақида эшитгансиз, албатта. Жазирама кунларда кўпчилик ушбу ҳудудлардаги дам олиш масканлари томон ошиқади. Афсуски, бугун барча жойда ҳам аҳвол бир хил эмас. Хусусан, Аввал қишлоғидаги “Еттибулоқ” дам олиш масканидаги нохуш ҳолатларга мутасаддилар бефарқ муносабатда бўлмоқда.

Аввал қишлоғидан оқиб ўтувчи сой минглаб булоқлардан ҳосил бўлади, ҳудуднинг табиати ҳам ўзгача. Соя-салқин жойлар нафақат вилоят аҳолиси, балки Андижон ва Наманган вилоятларидан келувчи меҳмонлар билан доимо гавжум. “Хўжам подшоҳ” зиёратгоҳи ҳам шу ерда жойлашган. Дам олувчилар учун аҳоли хонадонларида ҳам жойлар ташкил этилган.

Аммо бу ерда кўнгилни хира қиладиган айрим ҳолатлар ҳам борки, ундан кўз юмиб бўлмайди. Ҳафтанинг шанба куни бўладиган бозор умуман талабга жавоб бермайди. “Қўлбола” савдо расталари, чиқинди уюмлари, қаровсиз майдонларга ҳеч бир раҳбар эътибор бермайди. Айниқса, бу ерда савдо қилаётган аҳолини тартибга келтиришни туман давлат солиқ инспекцияси умуман назоратга олмаган.

Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлганлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган “Хотира хиёбони”нинг эса чакалакзордан ҳеч фарқи йўқ. Бу маскандан таралаётган нохуш ҳид кўнгилни беҳузур қилади. Энг катта муаммо – ҳудуднинг санитария ҳолати талабга жавоб бермаслигида. Чойхоналар атрофи чиқинди уюмларига тўла. Масканнинг юқори қисмида сиҳатгоҳ жойлашган бўлиб, у ерда узоқ-яқиндан шифо излаб келган беморлар ва дам олувчилар кўп. Дастурхондаги пўчоқ, увоқ ва бошқа озиқ-овқат қолдиқлари тўғридан-тўғри сойга ташлаб юборилади. Сой ва ариқлар бўш баклажка ва чиқинди билан тўлган.

Бир пайтлар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг Аввал қишлоғидаги уй-музейи ғоят обод маскан бўлган, дейишади. Бугун эса буткул хароба аҳволга тушиб қолган. Ҳатто дам олиш маскани ҳудудида ноқонуний аттракционлар қуриб олинганига ҳам ҳеч бир мутасадди эътибор қилмайди.

Афсуски, бу ерда бирор мутасаддини учрата олмадик. “Мозортаги” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қодиржон Мадраҳимов билан телефон орқали суҳбатлашдик.

– Тўғриси, бошқа юмушлар билан бўлиб, ободонлаштириш ишлари эътиборимиздан четда қолди, – дейди у. – 10 нафар ишсиз аҳолини пул тўланадиган жамоат ишларига жалб қилдик. Эртагаёқ ҳамма жойни тозалатамиз.

“Ҳамма ёқни гуллатамиз” деган замонлар ўтиб кетганини, бугун ҳар қандай ишга амалий ёндашиш талаб этилаётганини бу ердаги раҳбарлар билмайди, шекилли?!

Тумандаги “Садкак ота” зиёратгоҳи ва дам олиш маскани ҳам шундай нохуш манзара касб этган.

Аслида Фарғона тумани ҳокими С.Имомалиев ҳам, бу ерга масъул бўлган сектор раҳбари ҳам Аввал ва Садкак қишлоқларидаги ҳолатни жуда яхши билади. Аммо дам олувчилар учун шароит яратиш, бу ердаги ҳолатни назоратга олиш, “Еттибулоқ”ни обод масканга айлантиришни негадир пайсалга солиб келишмоқда. Ваҳоланки, бу ердаги ҳолат бўйича оммавий ахборот воситаларида кўплаб чиқишлар қилинди. Натижа йўқ, ҳамон “жим-житлик“. Балки мутасадди раҳбарлар шу сукутни “жавоб“, деб ўйлашар? Мавзуга яна қайтамиз.

3.JPG

4.JPG

7.JPG

9.JPG

10.JPG

13.JPG

14 - ъюяш .JPG

16.JPG

19.JPG

20.JPG

23.JPG

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА
9 516