ЎзА Ўзбек

29.08.2018 13:38 Чоп этиш версияси

Эътироф – улкан бахт!

Эътироф – улкан бахт!

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик тўйини нишонлаш арафасида байрам шукуҳини, унинг тароватини икки карра ҳис қилиб турибман...

Эрталабдан телефон жиринглади. Жавоб бердим. Қадрдон укамиз салом-аликни ҳам охирига етказмай:

– Ака “Шуҳрат” медали муборак бўлсин, – деди.

Бу хушхабарни эшитгач, ҳаяжоним чандон ошди...

Бугун Ўзбекистон кенг имкониятлар диёрига айланди. Шу юртда туғилиб, халқ хизматида бўлиш бахти насиб этганига шукр қиламиз.

Очиқ айтиш керак, дунёда ғоялар тўқнашуви, турли иллатлар авж олган бир пайтда тинчликни сақлаш, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, энг муҳими ислоҳотларимизга дахлдорлик ҳисси билан яшамоқ ҳар биримиздан фидойиликни, катта жасоратни талаб қилади.

Мустақил тараққиёт йилларида мисли кўрилмаган ютуқларга эришдик. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда янги тараққиёт даври бошланди. Халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларимиз мевасини кўраяпмиз. Бош мақсадимиз эса Президентимиз айтганидек, одамларни рози қилиш.

Бу йўлда энг ишончли ва таъсирчан восита, аввало, маънавиятдир. Зеро, маънавияти юксак халқгина юксак марраларга эришади. Қалб ва руҳ тантанаси ҳукмрон диллар фақат эзгу ишларга қўл уради. Шу маънода бугун мамлакатимизда маънавий юксалишга, ёшлар китобхонлигига, таълим-тарбияга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мустақиллик байрамимиз арафасида бу жиҳатлар яққол кўзга ташланади. Бу байрам барчамиз учун энг азиз, энг улуғдир. Бу кунларда эришган ютуқларимизни сарҳисоб қиламиз, кўп эзгу режалар тузамиз, меҳнатларимиз самарасини кўрамиз...

Байрам арафасида "Шуҳрат" медали билан тақдирланганим менга янада куч-ғайрат, жўшқинлик бағишлади. Мақсадимиз бир – Ватанимиз, азиз ҳамюртларимиз фаровон ҳаёти, фарзандларимиз бахту камоли учун яшамоқ.

Иргаш Даминов,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази бўлим бошлиғи,
"Шуҳрат" медали соҳиби.


ЎзА
3 552