Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.08.2017 20:52 Чоп этиш версияси

"Ёш оилалар ва қизлар" биринчи республика форуми 8 августдан 12 августга қадар давом этади

Уюшмаган ёшлар, айниқса, ёш оилалар, қизларнинг орзу-интилишларини тўғри йўналтириш, уларга ҳаётда ўз ўрнини топишга яқиндан кўмаклашиш, турли иллатлардан ўз вақтида огоҳ этиш, жамият, Ватан олдидаги масъулиятини кучайтириш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда 12 август – Халқаро ёшлар кунига бағишлаб ўтказилиши режалаштирилган лойиҳа – "Ёш оилалар ва қизлар" биринчи республика форуми айнан уюшмаган ёшларнинг орзу-интилишларини ўрганиш, уларни оилага, жамиятга муносиб инсонлар этиб камолга етказишга муносиб ҳисса қўшишдек мақсадларни кўзлайди.

Ушбу жамоат ташкилотида бўлиб ўтган матбуот анжуманида 8 августдан 12 августга қадар давом этувчи мазкур ижтимоий-маърифий ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад, унинг доирасидаги тадбирларнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати – йигит-қизларнинг барча қатламларини қамраб олиши билан аҳамиятлидир. "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтказиладиган ушбу форум ҳафта давомида қуйидаги тадбирларнинг босқичма-босқичлигида ташкил этилади. Сингапур менежментни ривожлантириш институти биносида ташкил этиладиган "Мен ҳам етакчи бўламан!" мавзуидаги маърифий учрашувда сенаторлар, депутатлар, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган раҳбар аёлларнинг қизлар билан жонли мулоқоти кўзда тутилган. Мулоқот чоғида қизларга ҳаётда ўз ўрнини топиш, ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, касбга садоқат, фидойилик ҳақида атрофлича маълумот берилади.

"Фан-таълим – келажак пойдевори" мавзуидаги давра суҳбатида эса юртимизда таълим, илм-фан соҳаси, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий изланишлар олиб бориш, ёш олим ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги янгиликлар муҳокама марказида бўлади. "Оилам китоб ўқийди" акцияси давомида мамлакатимиз нашриётларида кейинги йилларда чоп этилган энг мукаммал адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтади. "Соғлом турмуш тарзи" акцияси мобайнида сузиш бўйича мусобақалар, тиббий маданиятни юксалтириш, тўғри овқатланишга оид семинарлар ташкил этилади. Форумнинг якуний босқичида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган "Ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича стратегияси" тақдимоти ҳам кўзда тутилган. Айни пайтда касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик кўникмаларини эгаллаш бўйича маҳорат сабоқлари, тўй-ҳашамларни исрофгарчиликларсиз ўтказишга оид тадбирлар, "Қизларжон" клубининг очилиши, "Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя" китобининг тақдимоти ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА
4 634






Все о погоде - Pogoda.uz