ЎзА Ўзбек

23.08.2018 10:28 Чоп этиш версияси

Эътибор ва эъзоздан аҳоли мамнун

Эътибор ва эъзоздан аҳоли мамнун
Истиқлол йиллари халқимиз учун чинакам маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Бебаҳо меросимиз, дину диёнатимиз, қадимий урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди.

Президентимизнинг "Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги қарори бунинг яна бир ҳаётий ифодасидир. Ҳайит – эзгу амаллар айёми. Уни ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат руҳида кутиб олиш ва нишонлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ушбу айёмнинг мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида нишонланаётгани, бу икки улуғ байрамнинг шукронаси юртдошларимиз юз-кўзларидаги кулгу, шодонлик ва юқори кайфиятида намоён бўлмоқда. “Мирзо Улуғбек туманидаги “Бешкапа” маҳалла аҳли ҳам ҳайитни муносиб кутиб олди. Улар шу кунларда мустақиллик, унинг неъматлари, ҳайитнинг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тушунтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот тадбирларини ўтказди.

Қурбон ҳайити арафасида маҳалла ҳудуди ва ҳудуддаги “Тўра бува” жомеъ масжиди, “Яланғоч-1”қабристони атрофи ободонлаштирилиб, тозалаш ишлари олиб борилди. Унда атрофдаги олти маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ёшлар иштирок этди. Ҳайит кунларида кам таъминланган оилалар вакиллари, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Улуғ айём кунларида табаррук ёшли отахон ва онахонлар зиёрат қилиниб, дуоси олинди. Бунда ёшлар ҳам фаол иштирок этди. Байрам муносабати билан маҳалла аҳли имконияти чекланган оилалар яшаётган уйларни таъмирлашга яқиндан кўмак берди. Бу халқимизга хос бўлган азалий анъаналарнинг ёрқин ифодасидир.

– Кўплаб миллат вакиллари истиқомат қилаётган уч ярим минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилувчи маҳалламизда байрамни тинч ва осойишта ўтишини таъминлаш, огоҳ бўлишга эътибор қаратяпмиз, – дейди мазкур маҳалла оқсоқоли вазифасини бажарувчи Аҳмад Кабиров. – Шу кунларда ёши улуғ, ёлғиз кишилар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга дори-дармон ва тиббиёт воситалари, совғалар топширилмоқда. Барча кўча, майдон ва ҳовлилар саранжом-саришта қилинди. 

Байрам арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак кўрсатиш баробарида, Юсуф Хушназаров, Ҳамидулла Толипов ва Александр Мишянинга аравача ҳам топширилди. Бу эътибор уларнинг ҳаракатланиши учун янада қулайлик яратади. 

– Маҳалладошларим нафақат улуғ айём кунларида, балки доимо ҳолимдан хабар олиб туришади, – дейди Юсуф ота. – Шундай меҳр-эътибор боис шукрона билан умр кечиряпман.

Аслида тинч, тўкин ва фаровон элга байрамлар, тўйлар ярашади, яхши кунлар татийди. Халқимиз Қурбон ҳайитини эзгу амаллар ва кўтаринки руҳ билан кутиб олаётгани ҳам юртимизнинг тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, дастурхонимиз тўкинлигидандир. Нуроний отахон ва онахонлар дуога қўл очиб, бугунги саодатли кунларимизга, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётимизга шукроналар айтиб, хонадонларга файз-барака тиламоқда. Юртдошларимиз ўз оиласи, маҳалласи, эл-юрти равнақи учун сидқидилдан хизмат қилаётир. Бу эса улуғ кунларнинг янада файзли ўтиши, зиёда бўлишига – халқимизнинг эзгу амаллари янада бардавом бўлишига умид ва ишонч бағишлайди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 762