Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 22:49 Чоп этиш версияси

Эътибор ва ғамхўрликдан мамнунмиз

Мамлакатимизда хотин-қизлар юрт фаровонлиги, халқимиз дастурхони баракасининг ортишига муносиб ҳисса қўшаётир. Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлиб, фикрларини ёзиб олди.

Халчахон Мирзаева, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги «Хадича ая» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони:

– Ўзбекнинг бахтли аёлларидан бириман. 2007 йил декабрнинг бошлари. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов кўксимга «Олтин юлдуз» медалини тақиб қўяр экан, атрофдагиларга қараб: «Мана шу аёлни кўринг, шу аёл Қаҳрамон бўлади, деб ким ўйлаган?! Аслида, шу кичик жуссаси-ю катта қалбига эл-юртга хизмат қилишдек улкан масъулиятни ортган аёл учун далада ишлаш билан бирга, олти фарзандни боқиб тарбиялашнинг ўзи қаҳрамонлик эмасми?!», деганларида кўзларимдан ёш қуйилганди. Бир замонлар чигит экишдан тортиб, ғўзапояни йиғиштириб олишгача бўлган ишларда юқорининг кўрсатмасини кутиб ўтирадиган, деҳқончиликдан бехабар «мутахассис»ларнинг китобий йўл-йўриқларини бажаришга мажбур, ҳосил тақдирига масъул, лекин унинг парваришида эрки йўқ, самарасидан бебаҳра оддий бригадир эдим.

Бугун халқимиз, давлатимиз ардоғидаман. Бир мен эмас, барча аёлларимиз ана шундай иззат-икромда. Бундан қувонмай бўладими?!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, қишлоқ аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга доир фармон ва қарорларидан бутун халқимиз қатори фермерлар ҳам ниҳоятда хурсанд. Бу эътибор, бу ғамхўрлик кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшиб, янги марраларни эгаллашга чорламоқда.

Аманжон Холмуродова, Хоразм вилояти Янгибозор тумани “Достонбек” фермер хўжалиги раҳбари:

– Оналари шарафланган, қизлари ардоқланган шундай жаннатмонанд юртда яшаётганимдан беҳад фахрланаман. Йилдан-йилга фаолият туримизни кенгайтириш борасида янгидан-янги имкониятлар яратилиб, имтиёзлар берилмоқда. Бунинг самарасида пахта ва ғалладан юқори ҳосил олмоқдамиз. Давлат ташкилотлари ишлайман, яратаман деган тадбиркору, фермерни қўллаб-қувватламоқда. Улар бизга кўпроқ ёрдам беришга интилмоқда. Мисол учун, шу кунларда “Агробанк” чекланмаган миқдордаги маблағни имтиёзли фоизда таклиф қилмоқда. Фаолиятимизни кенгайтиришимиз, бизнес лойиҳаларимизни амалга ошириш учун янада кенгроқ шарт-шароитлар яратаётгани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирамиз.

Фермер аёлларнинг фаолият турлари йил сайин кўпайиб, улар чорвачилик, паррандачилик, полиз ва сабзавот маҳсулотлари, мева етиштиришни кўпайтиришга, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, ҳосилдорликни оширишга алоҳида эътибор бермоқда. Ишлаб чиқаришда ҳам фермерларнинг ҳиссаси ошиб бораётгани қувонарлидир.

Ҳуснирабо Эргашева, Бухоро муҳандислик-технология институти доценти, техника фанлари номзоди:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олимлар билан учрашувида билдирган фикрлари, Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги фармони юртимиздаги барча илм аҳлини, жумладан, Бухоро вилоятидаги олимларни ҳам кўнглини кўтарди, айни чоғда масъулият юклади. Давлат раҳбари илм соҳибларини, хотин-қизларни эъзозлаб турса – албатта қувонасан, янги-янги кашфиётлар қилишга интиласан киши.

Мамлакатимизда яратилган шароитлар туфайли хотин-қизлар барча соҳаларда фаол меҳнат қилмоқда. Олима аёлларнинг ҳам сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Институтимизда қирқ нафарга яқин олима аёл фаолият юритади. Улар ёшларга таълим-тарбия бериш баробарида илм-фаннинг устувор масалалари юзасидан изланишлар олиб бормоқда. Яқинда бир ҳамкасбимиз муҳим илмий лойиҳаси учун эллик миллион сўмдан кўпроқ давлат гранти ютиб олди. Олималаримиз нафақат мамлакатимиз, балки тараққий этган хорижий мамлакатларда малака ошириб, илм-фан соҳасида илгарилаб бормоқда. Буларнинг барчаси юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорини рўёбга чиқариши учун яратилган шароитлар маҳсулидир.

Зуҳра Қаландарова, тадбиркор (Қорақалпоғистон Республикаси):

– Ёшим 64 да. Бундан йигирма йил аввал иккита қурилма билан иш бошлаган эдим. Бугун замонавий кичик корхона соҳибасиман. Корхонада йигирма нафардан кўпроқ ёшлар ишлайди. Пахта саноати чиқиндисидан маҳсулот ишлаб чиқариб, ҳаётимиз тўкинлигига, оз бўлса-да, улуш қўшаётганимдан бахтиёрман. Фарзандларим ҳам менинг изимдан бориб, тадбиркорлик йўлини танлади. Уларнинг тақдиридан кўнглим хотиржам. Чунки мамлакатимизда тадбиркорлик ривожи учун барча шароит яратилган. Ишлайман, деган одам кўзлаган ниятига эришади. Аёл учун шундай гўзал замонда, озод ва обод Ватанда, давлат, жамият, фарзандлари ардоғида яшашдан ортиқ бахт йўқ.

Сайёра Шоева, Баҳор Хидирова, ЎзА
3 480






Все о погоде - Pogoda.uz