Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 18:59 Чоп этиш версияси

Эътибор – ижодкор учун катта рағбат

Эътибор – ижодкор учун катта рағбат
2017 йилнинг 3 августи юртимиз ижодкор зиёлилари учун унутилмас санага айланди.

Ўша куни адабиёт ва маданият соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган тарихий учрашувда Президентимиз ижод аҳлининг халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги хизматларини юксак баҳолади. Айни пайтда ижодкорларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш, ижодий муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларга муносиб иш ва турмуш шароити яратиб бериш доимий эътиборда бўлишини таъкидлади. Учрашувдан буён ўтган даврда ижодкорлар, зиёлилар давлатимизнинг ғамхўрлигини янада чуқур ҳис этишди, бу борада катта амалий ишлар қилинди. Буни бухоролик театр ходимлари ва қаламкашлар мисолида ҳам айтиш мумкин.

2010 йилда мамлакатнинг тўнғич театрларидан бири бўлган вилоят мусиқали драма театри учун янги муҳташам бино қурилгани жамоа учун катта совға бўлган эди. Давлатимиз раҳбарининг ижодкор зиёлилар билан 3 августдаги учрашувидан кўп ўтмай театрнинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди. Жамоага Президент совғаси – янги автобус топширилди. Бу билан саҳна усталарининг туман ва қишлоқларга ижодий сафар қилиши, санъат шинавандаларига маданий хизмат кўрсатиши учун қулайлик яратилди. Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан умумий қиймати 725 миллион сўмлик миллий мусиқа асбоблари, саҳна ёритгичлари ва овоз кучайтиргичлар олиб берилди. Саҳна либослари тикиладиган цехнинг моддий-техник базаси ҳам янгиланди.

– Президентимиз ижодкор зиёлилар билан учрашувда театр санъати ходимлари зиммасига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида ғоявий теран асарлар яратиш, бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган жиддий муаммоларни кўтариб чиқиш вазифасини юклаган эди, – дейди вилоят мусиқали драма театри директори Гулнора Ҳусенова. – Бу ижодий жамоани репертуарни шиддатли ва мураккаб давр талабларига жавоб берадиган асарлар билан бойитиш устида ижодий изланишга ундади. Бунинг самарасида диний экстремизмнинг жирканч қиёфаси, унинг тузоғига илинган ёшларнинг аччиқ қисмати ҳақида ҳикоя қилувчи “Разолат қурбонлари” спектакли (Набижон Ҳошимов асари) дунёга келди. Яқинда, Ҳайитмат Расул қаламига мансуб “Кўзингни оч!” асари саҳналаштирилди. Тарихий ватанпарварлик мавзусига ҳам катта эътбор қаратилмоқда. Театрнинг янги мавсуми Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари асосида яратилган янги спектакль билан очилади. Шунингдек, Чингиз Айтматов қаламига мансуб “Сарвқомат дилбарим” асарини саҳналаштиришга ҳам киришдик.

Бугунги кунда ёш актёрларга кўпроқ ишонч билдирилмоқда. Бу эса уларнинг тажрибали актёрлардан маҳорат сирларини ўрганишига хизмат қилади. Шу ўринда театр жамоасининг Бухоро маданият ва санъат коллежлари билан яқин ҳамкорлиги йўлга қўйилгани истеъдодли ёшларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш жоиз.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўтган йил 3 августдаги учрашувда илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Мазкур ҳужжат доирасида ижодий уюшма моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уюшма аъзолари, истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

– Мамлакатимизда бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, хўжалик бирлашмалари, компаниялар, банклар билан маданият ва санъат ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган “Дўстлар клублари” фаолияти ижобий самара бермоқда, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Шодмон Сулаймонов. – Бўлимимизга Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳомий ташкилот сифатида бириктирилган. Мазкур корхона 500 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатди. Бу маблағ айниқса, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, кекса адиблар, шунингдек, марҳум ижодкорлар асарларини чоп этиш ва бошқа маданий тадбирларга сарфланади. Завод билан ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар “Дўстлар клублари”нинг йиғилишларида муҳокама этилади, нефтчилар билан ижодий учрашувлар, воҳа қаламкашларининг бадиий асарлари тақдимотлари ўтказилади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА