Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2018 09:34 Чоп этиш версияси

Эски ​ҳужжатларнинг ўрнига янгилари қабул қилинади

Эски ​ҳужжатларнинг ўрнига янгилари қабул қилинади
Замон талабларига жавоб берадиган ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва ҳуқуқий бўшлиқни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида ҳозирда амалда бўлиб турган 171 та ҳужжатнинг ўрнига 56 та қонун ҳужжати қабул қилинади.

Ўз кучини йўқотаётган умуммажбурий идоравий ҳужжатларнинг ўрнига янги норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилмоқда.

Президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан Ўзбекистон ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан, собиқ ССРИнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотиши белгиланган эди.

Шунга кўра, Адлия вазирлиги 20 дан ортиқ давлат органлари билан ҳамкорликда актуал ҳужжатлар рўйхати тайёрланди. 

Қабул қилинган қарорга мувофиқ, замон талабларига жавоб берадиган ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва ҳуқуқий бўшлиқни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида ҳозирда амалда бўлиб турган 171 та ҳужжатнинг ўрнига 56 та қонун ҳужжати қабул қилинади. 

Масалан, ҳозирги кунда газ саноатида қўлланилаётган 1947 йилда қабул қилинган собиқ ССРИ Газ саноати вазирлигининг Суюлтирилган газ базаси хизматчилари ва ишчиларининг сони нормативлари ва газ баллонларни тўлдириш ва таъмирлаш вақти меъёрлари ўрнига “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тегишли ҳужжати ишлаб чиқилади.

Адлия вазирлиги мазкур жараённи мувофиқлаштириб боради.

Вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳужжатларни ўз вақтида сифатли тайёрлаш, экспертиза қилиш ва келишиш бўйича шахсий жавобгарлик юкланди.

ЎзА
3 852