Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 22:45 Чоп этиш версияси

«Эшшакмисан, молмисан?..» Шу аёл муаллимага ярашадиган гапми?

«Эшшакмисан, молмисан?..» Шу аёл муаллимага ярашадиган гапми?
Эри прокурор бўлган ўқитувчининг ҳақоратлари...

Пешонасига “2” қўйилган ўқувчилар

Йўлда икки ўсмирнинг ўзаро суҳбати қулоғимга чалинди.

– «Наушник» сотиб олдим, устознинг ҳақоратларини эшитишга тоқатим қолмади, – деди улардан бири.

– Жавоҳга (Жавоҳирга демоқчи шекилли) бақирганини қара: «Эшшакмисан, молмисан?..», дейди. Шу аёл кишига, муаллимага ярашадиган гапми? – деди иккинчиси.

Ўз касбининг фидоийлари, муҳтарам устозлар мени кечирсинлару, ўтган йили бошланғич синф ўқитувчисининг жазавага тушиб, худди шундай ҳақоратли сўзларни айтаётган видео тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Шу йилнинг 19 январь куни Facebook фойдаланувчиси Муаззам Иброҳимова “Эри прокурор бўлган математика фани ўқитувчиси тумандаги мактабларнинг бирига ишга жойлаштирилди. У дарсга кирган саккизта синфдаги икки юздан ошиқ ўқувчи фанни ўзлаштира олмай бир йил давомида «мол», «эшшак», «ҳайвон» деган ҳақоратлар билан сийланди”, дея пост қолдиради. Жорий йилнинг 18 январда Қозоғистоннинг Актўбе вилоятида рўй берган фожиадан таъсирланган Муаззам Иброҳимова «Энг ёмони, болаларнинг вақтини ўғирлаётган бундай ўқитувчиларни деб Нобель мукофоти олиши мумкин бўлган олимлар эмас, ёт ўлкаларда хор бўлиб, ўлиб кетаётган мардикорлар вояга етмоқда», дея фикрини тугаллайди.

o-quvchilarining-peshonasiga-2-baho-qo-yilgan-maktab-direktori-ishdan-olindi-uz-yangiliklar.jpgЯқинда ижтимоий тармоқларда пешонасига ручка билан “2” рақами ёзилган ўқувчилар суратлари тарқалди ва бу ҳаммасидан ошиб тушди. Техника даври эмасми, ўқитувчилар томонидан таҳқирланаётган бунга ўхшаш ўқувчилар ҳақидаги бир қанча ведиолавҳалар ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ўша ўқитувчилар топилиб, жазога ҳам тортилди. Лекин бу ҳолат яна давом этмоқда.

Бугунги шиддатли замонда кўнгил деган нарса ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. Психологларнинг таъкидлашича, жамоа олдида таҳқирланиш, камситилиш ҳолатлари болаларда ўзига бўлган ишончни пасайишига олиб келади.

– Бундай воқеаларни 11 ёшгача бўлган болалар эсидан чиқариши мумкин, аммо ўсмирлар камситилганида, таҳқирланганида руҳиятида умидсизлик, қизиқишнинг йўқолиши, баъзан агрессия, шунингдек ўз жонига қасд қилиш каби мудҳиш ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин, – дейди, психолог Наргиза Абдуманнопова.

Ўқитувчилардан сўрасангиз: “Устоз беҳудага болаларга бақирмайди. Тинчлантириш учун бошқа чораси қолмагач, овозини кўтаришга мажбур бўладида”, дейишади. Аммо СамДУ қошидаги биринчи академик лицей она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилфуза Тошниёзованинг фикри бошқача:

– Агар ўқитувчи дарсга пухта тайёрланса, ўтилаётган мавзуни ўқувчиларга тўлиқ тушунтириш учун ҳаётий мисоллардан фойдаланса, уларни қизиқтира олса, бақиришга ҳожат қолмайди. Ўқувчи зерикса ёки мавзуни тушунмаса тўполон кўтаради. Ўқувчи зерикяптими, демак ўқитувчи дарсга тайёр эмас! Билимга, маҳоратга эмас, овозга зўр бераётган ўқитувчилар, афсуски, орамизда талайгина.

Айни кунларда ОАВ сайтларида ўсмир-ёшлар ўз жонига қасд қилгани, оила аъзолари, яқинларига тан жароҳат етказгани ҳақидаги ҳабарларга тез-тез дуч келяпмиз. Мутахассисларнинг фикрича, бу каби ҳолатлар руҳий жароҳати бор болалар томонидан содир этилади. Болаларнинг руҳиятига етказилаётган жароҳатда айрим ўқитувчиларнинг ҳам ҳиссаси борлиги ачинарлидир. Чунки мактаб инсонга билим, тарбия бериш билан бир қаторда, келажакка умид, ишончни шакиллантирадиган маскан ҳисобланади. Ўқитувчилар эса “Устоз” деган шарафли номга муносиб бўлишлари шарт. Шу сабабли, умумтаълим мактабларининг ҳар бир синфида кузатув камералари ўрнатилиши керак деб ўйлайман. Шунда баъзи қўштирноқ ичидаги “ўқитувчи”лар масъулиятни ҳис этиб, ўзини қўлга олар эҳтимол.

Зеро, фарзандларимизнинг нафақат жисмонан балки руҳий камолоти биз учун муҳим. Уларнинг нафсониятига, ғурурига дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

23.jpg

Бахтигул Қаршиева,
журналист

ЎзА
7 534