ЎзА Ўзбек

17.10.2012 16:15 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорлар кўргазмаси

Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида 17 октябрь куни “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” деб номланган кўргазма очилди. Унда юзга яқин иштирокчи – пойтахтлик ёш ҳунарманд ва тадбиркорлар, инновацион ғоялар ва ишланмалар муаллифлари бўлган йигит-қизлар, таълим, ишлаб чиқариш, тижорат тузилмалари вакиллари қатнашмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилдан-йилга изчил ривожланмоқда, иқтисодиётнинг ушбу жабҳасида меҳнат қилаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Мамлакатимизда яратилган шароит ва имкониятлар туфайли уларнинг аксарияти ўз корхонасини ташкил қилмоқда ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Ушбу кўргазмани ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам улар эришаётган ютуқларни оммаллаштириш, ёшларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қизиқишини янада кучайтириш, уларда ташаббускорлик, бунёдкорлик интилишлари ва ижодий фаолиятни ривожлантиришдан иборат.

Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар бўлими, “Ҳунарманд” халқ ҳунармандлари уюшмаси, Республика Маънавият маркази томонидан ташкил этилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов ва бошқалар ёшларни кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш уларга ўз иқтидори ҳамда имкониятларини намойиш этиш, ташаббускор, омилкор, мустақил фаолият юритиш, ўз олдига қўйган мақсадларга эришишга қодир янги одамлар тоифасини шакллантириш имконини бераётганини таъкидлади.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг биринчи босқич талабаси Севара Худойбергенова ана шундай интилувчан инсонлар сирасига киради. У ёш бўлишига қарамай, пойтахтимиздаги миллий либос ва пойабзаллар, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “Sevara Unique” корхонасига раҳбарлик қилмоқда. Атласдан тикилган миллий либос ва дўппи кийган Севара мазкур кўргазмада корхонасида ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги маҳсулотларни тақдим этмоқда.

– Отам тадбиркор, онам тикувчи бўлгани сабабли ўз фаолиятимда ушбу икки йўналишни уйғунлаштиришга қарор қилдим, – дейди С.Худойбергенова. – Орзум ушалишида “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” танлови ташкилотчилари – “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг йигит-қизлари яқиндан ёрдам берди. Ўтган йили ушбу танловда ғолиб бўлганман. “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкидан олинган имтиёзли кредит туфайли ўз корхонамни ташкил қилдим. Айни пайтда бу ерда 18 киши меҳнат қилаётир. Ниятим – корхонамиз фаолиятини кенгайтириш, маҳсулотларимизни экспорт қилиш ва янги иш ўринлари яратиш. Кўргазмада мазкур масалалар юзасидан зарур ахборот олиш имкониятига эга бўламан.

Тадбир доирасида ташкилотлар, муассасалар, компанияларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, улар учун божхона ва солиқ имтиёзлари, банклардан имтиёзли кредитлар олиш тартиби, статистика ҳисоботини тақдим этиш мавзуларида ҳамда бошқа масалалар бўйича тақдимотлари бўлиб ўтади. Буларнинг барчаси кўргазманинг ёш иштирокчилари ва бу ерга ташриф буюрадиган кишиларга ўз ишини ташкил этиш, юритиш ҳамда кенгайтириш учун зарур маълумотлар олиш имконини беради.


ЎзА, Сардор Тожиев
13 511