ЎзА Ўзбек

15.10.2012 15:34 Чоп этиш версияси

Ёш оилалар – доимий эътиборда

Мустаҳкам оила йилида мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 27 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида ҳам ушбу вазифалар энг муҳим устувор йўналишлар сифатида белгиланиб, жойларда уларнинг ижроси изчил таъминланаётир.

Бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти бўлими томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор, деган эзгу тамойил бугунги кунда юртимизда оила институтини янада такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими раиси Шавкат Жониқулов. – Буни ҳаётга изчил татбиқ этилаётган «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 ёш оилага қорамол берилди.

Самарқанд туманидаги “Мароқанд-Парранда” масъулияти чекланган жамияти билан тузилган шартномага кўра, вилоят бўйича 64 мингдан зиёд оилага йигирма донадан жўжа, Нарпай, Пахтачи, Қўшработ, Нуробод, Оқдарё, Ургут туманларидаги кам таъминланган оилаларга йигирма бошдан товуқ тарқатилди. Шунингдек, бу хонадонлар паррандачиликни йўлга қўйиши учун зарур воситалар билан таъминланди. Уларга корхона мутахассислари томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бунинг натижасида айни пайтда кўплаб оилаларда парҳез гўшт ва тухум етиштириш йўлга қўйилиб, доимий даромад манбаи яратилди.

Бундан ташқари, Наврўз ва Мустақиллик байрами арафасида ўтказилган хайрия ҳашарларидан тушган маблағ ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга мурувват ёрдами кўрсатилди. Юзга яқин уй-жойлар таъмирланди.

Кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ тўйларини ўтказишга кўмаклашиш ва уларни зарур уй-рўзғор буюмлари, маиший техника ва мебель билан таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишда жорий йилда вилоятдаги 200 дан зиёд ёш оилаларга фонд томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу йил оила қураётган ўн нафар Меҳрибонлик уйлари битирувчилари ҳаётида ҳам Мустаҳкам оила йили унутилмас таассурот қолдирадиган бўлди. Уларга маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан зарур моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши баробарида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан ётоқхона мебели жиҳозлари совға қилинди.

– Бизга берилган бу совға давлатимизнинг ёш оилаларга бўлган чексиз эътибор ва ғамхўрлигининг намунасидир, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Эски Ҳазора” маҳалласида яшовчи Исмоил Ҳайдаров. – Бунинг учун Президентимиздан чексиз миннатдормиз. Тўйимизни ўтказишга ҳам маҳалла-кўй бош бўлди. Биз бунга жавобан маҳалламизнинг ибратли оилаларидан бири бўлиб, юртимиз ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз.

Вилоятда ёш оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш билан бирга уларни мустаҳкамлаш, янги хонадонларда халқимизнинг ўзига хос анъана ва қадриятлари асосида барқарор ижтимоий-маънавий муҳит яратиш борасида ҳам зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда жойларда маҳалла фаоллари, маънавият тарғиботчилари ва бой ҳаётий тажрибага эга оила вакиллари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Туман ва шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари қошида фаолият кўрсатаётган “Оила дорулфунуни” машғулотлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Шунингдек, кўплаб маҳаллалардаги янги ёш оилаларга ибратли хонадонларни бириктириб қўйиш тажрибаси ҳам кенг қўлланилмоқда.

Бундай саъй-ҳаракатлар ёш оилаларнинг жамиятда муносиб ўрнини топиши, турли оилавий келишмовчиликлар ва ажримларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. 


ЎзА, Ғ.Ҳасанов
12 428