ЎзА Ўзбек

26.07.2018 15:33 Чоп этиш версияси

Эртаклар – эзгулик тарбиячиси

Эртаклар – эзгулик тарбиячиси Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Осиё "Эртакчилик санъати" халқаро қўмитасининг XI мажлиси доирасида Ўзбекистон давлат ёшлар театрида "Ёш мусиқачи" спектакли намойиш этилди.

Эртаклар замирида оқни қорадан ажрата олиш, тўғри қарор қабул қилиш, ҳаёт йўлларида адашмасликка чорловчи ҳикмат мужассам. Шу маънода Осиё мамлакатларининг достонлар ва эртак шаклидаги халқ оғзаки ижодиёти намуналарини тўплаш, энг сараларини китоб ҳолида чоп этиш, уларнинг кўргазмасини ташкил қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда "Корея Республикаси – Марказий Осиё" ҳамкорлик форуми котибиятининг ҳиссаси катта. 

19.JPG 

– Эртаклар болаларда Ватанга садоқат, тўғрилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди "Корея Республикаси – Марказий Осиё" ҳамкорлик форуми котибиятининг етакчи мутахассиси Ли Сомюнг. – Эртакчилик санъатига оид бу лойиҳа Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланишида, адабий-ижодий ҳамкорликнинг кенгайишида муҳим аҳамият касб этади.

...Қоронғу саҳнада жажжи мусиқачининг саргузаштлари акс этади. Унинг нур, ижод завқи йўлидаги изланишлари ёш томошабинни бефарқ қолдирмайди. Болалар шоири ва ёзувчиси Раим Фарҳодий асари асосида саҳналаштирилган бу эртак кичкинтойларда тиришқоқлик, қатъиятлилик каби фазилатларни тарбиялашга, иродани мустаҳкамлашга, ижодкорлик, тасаввур ва хаёлот дунёсининг бойишига хизмат қилиши шубҳасиз. 

23.JPG

Таниқли ижодкор Кавсар Турдиеванинг "Нортой ва Қорбобо" эртаги асосида тайёрланган китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадалиев (сурат) ЎзА
6 200