ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Ернинг бир қаричи ҳам ер

Ернинг бир қаричи ҳам ер

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Бухоро вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров, Қоровулбозор туман ҳокими Акмал Остонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ туманнинг Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳолининг томорқадан фойдаланиш ҳолати билан танишди.

Шу маҳаллада яшовчи Рустам Исмоилов томорқачиликда ўзига хос тажриба тўплаган. У шахсий томорқасининг 2 сотих майдонидаги иссиқхонасида помидор парваришини йўлга қўйган. Эътиборлиси, омилкор экинлар орасидаги бўш жойдан ҳам унумли фойдаланиб, қопларда картошка етиштиради. Ҳосил эса яхшигина. Асосийси, рўзғор бут, дастурхон тўкин. Ернинг бир қаричи ҳам ер, деб шунга айтилса керак-да. 

Навбатдаги манзил Анвар Эгамбердиев хонадони бўлди. Хонадон эгалари ўз томорқасидаги 3 сотихли иссиқхонада лимон ҳамда қулупнай етиштиради. Айни кунларда иссиқхонада баҳорнинг тотли неъмати – қулупнай пишган. Пешма-пеш терилаётган ҳосилнинг бозори чаққон.

Маҳалланинг қолган қатор хонадонларида ҳам ерга муносабат яхши. Кимдир иссиқхона юмушлари билан банд бўлса, яна кимдир эрта баҳорда ерга қадаган экину, ниҳолларини парваришламоқда. Бошқалари бўш ерларни тўлдириш билан банд.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров туманда мавжуд аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда ерларни экишга тайёрлаш, агротехник тадбирларнинг амалга оширилиш ҳолатини янада кенгайтириш ҳақида мутасаддиларга тушунтириш ва топшириқлар берди.

2 371
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА