Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.08.2018 15:35 Чоп этиш версияси

Ерларни суғоришда инновацион ёндашув

Ерларни суғоришда инновацион ёндашув
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўза парваришида қолоқликни бартараф этишга қаратилган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масаласи долзарб бўлиб турибди. Президентимиз томонидан жорий йил 29 май ва 4 июль кунлари ўтказилган видеселектор йиғилишларида бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган «Ўзбекистонда сувни тежовчи замонавий технологияларни жорий этишнинг устувор йўналишлари» мавзуидаги давра суҳбати айни шу масалага бағишланди.

Юртимизда кафолатланган пахта ҳосилини яратиш мақсадида жорий йилнинг 5 сентябрига қадар эълон қилинган “Ҳосилга ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” доирасида парламент қуйи палатаси депутатларидан иборат гуруҳлар мазкур йўналишда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, жойларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашган ҳолда мамлакатимизнинг барча вилоятларида фаолият олиб бормоқда. Улар жойларда томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларининг жорий этилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жойларда ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг 20 июль ҳолатига кўра Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича жами 10,2 минг гектардан ортиқ майдонда томчилатиб, 5,6 минг гектардан ортиқ майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш технологиялари жорий этилган. Юзага келган сув тақчиллигини инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинларини кўчма эгилувчан суғориш қувурлари билан суғоришга алоҳида эътибор қаратилиб, мавсум давомида 62,8 минг гектар майдонда кўчма эгилувчан суғориш қувурлар ёрдамида суғориш ташкил этилган.

Мамлакатимизда томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишни рағбатлантиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилган. Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологиялари учун бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган ташкилотларга декларация қилинган нархлар бўйича полиэтилен гранула харид қилиш учун йиллик квоталар ажратилиши белгиланган.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Айрим жойларда сувни тежайдиган бошқа ва муқобил суғориш технологияларини жорий этиш масалаларига етарлича эътибор берилмаётгани, натижада сув танқислиги, сувга бўлган талабнинг ортиб бориши соҳага сувни тежайдиган илғор инновацион технологияларни жорий этишни янада кенгайтириш чораларини кўришни тақозо этмоқда.

Депутатлар сувни тежовчи технологияларни жорий этган фермер хўжаликларига имтиёз беришнинг аниқ ҳуқуқий механизмларини «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунда мустаҳкамлаб қўйиш мақсадга мувофиқлигини, бундан ташқари, сувни тежовчи технологиялар учун керакли асбоб ва ускуналарни замонавий ва имкон қадар арзон нархларда ишлаб чиқариш долзарб эканини таъкидладилар.

Эгилувчан қувурларни “Жиззах пластмасса" заводида ишлаб чиқариш учун “Шўртан газ-кимё" мажмуасидан полиэтилен грануласи олиб келинмоқда. Тайёр бўлган маҳсулот эса Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларига қайта олиб борилмоқда. Парламент аъзоларининг фикрича, бу ортиқча транспорт харажатларига, маҳсулот таннархининг ошишига ва умумий иш унумдорлиги пасайишига сабаб бўлмоқда.

Масаланинг ечими сифатида эгилувчан қувурларни Қашқадарё вилоятидаги “Шўртан газ-кимё" мажмуаси тасарруфидаги “Қарши термопласт” цехида муқобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги айтилди. Натижада Қашқадарё, Бухоро, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида мавжуд талаб-эҳтиёжлар қондирилади.

Давра суҳбати якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА