ЎзА Ўзбек

23.11.2019 Чоп этиш версияси

Эркинжон Турдимов Ломбардияга таклиф этилди

Эркинжон Турдимов Ломбардияга таклиф этилди

Мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги делегация 23 ноябрь куни Самарқандга келди.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов меҳмонни қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандга ташрифи билан қутлаб, бу учрашув Самарқанд ва Ломбардия вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун дадил қадам бўлганлигини таъкидлади. Шунингдек, вилоят раҳбари Самарқанднинг иқтисодий имкониятлари, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди ҳамда бу борада Ломбардия билан ҳамкорлик қилиш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини қайд этди.

photo5388942904661224611.jpg

photo5388624291102305810.jpg

Аттилио Фонтана ҳам юртимизга ташрифи ҳар томонлама самарали бўлаётганини қайд этиб, жумладан, Самарқанд вилояти билан илмий-техникавий, замонавий инновациялар бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди. Икки вилоят ўртасидаги алоқаларни изчил йўлга қўйиш учун Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва вилоят ишбилармонларини Ломбардияга таклиф қилди.

Аттилио Фонтана Самарқандга ташрифи давомида “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форумида иштирок этди ва сўзга чиқди. Шунингдек, вилоят маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг “Made in Samarkand” миллий кўргазмаси билан яқиндан танишди.

photo5389103454833716558.jpg

Италиялик меҳмонлар Самарқанд давлат университетида ҳам бўлди. Университет ректори, профессор Рустам Холмуродов ўқув юрти тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Кейинги йиллардан хориждаги номдор олий ўқув даргоҳлари, жумладан, Италиядаги нуфузли университетлар билан илмий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани қайд этилди.

Учрашув якунида Самарқанд давлат университети ва Италиядаги Инсубриа университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Ломбардия вилояти делегацияси Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликларни ҳам томоша қилди.

photo5388942904661224613.jpg

photo5388624291102305813.jpg

4 715
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА