ЎзА Ўзбек

26.11.2018 16:12:50 Чоп этиш версияси

Эркинлик, фаровон ҳаёт ва тараққиётнинг асосий пойдевори


8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Конституция – миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий кафолатларини ўзида мустаҳкамлаган, инсон ҳуқуқлари, озодлик, барқарорлик ва тараққиёт мажмуини ифодалайдиган демократик, ҳуқуқий ва адолатли давлатни қуриш йўлининг истиқболларини белгилаб беради. 

Истиқлолимизнинг энг катта ютуқларидан бири – юртимизда тарихан қисқа муддатда миллий давлатчилигимиз ҳуқуқий пойдевори яратилгани билан бугун ҳар қанча фахрлансак арзийди. 

Ўзбекистон Конституциясининг эътиборга молик жиҳати шундаки, у нафақат демократик ва либерал нормаларни, миллий ва умуминсоний қадриятларимизни ўзида мужассам этган, балки миллий конституциялар қабул қилиниши тарихида ноёб хусусияти билан, аниқроғи, қабул қилиниши жараёнидаги демократиклиги, лойиҳаси икки маротаба умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, қабул қилингани билан аҳамиятлидир. 

Халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойитилиши, сайқал топиши эвазига Конституциямиз том маънодаги халқчил Қомусга айланди. Табиийки, ҳар қандай давлатнинг Конституцияси унда яшовчи халқ иродасини, руҳиятини, эркинлик, фаровон ҳаёт ва тараққиётни акс эттиради. 

Конституциянинг мамлакат ҳаётидаги роли беқиёс. Ижтимоий ҳаётни тартибга солувчи барча қонунлар тизимини бир бутун иморат, деб билсак, Конституция унинг пойдеворини ташкил қилади. Иморатнинг мустаҳкамлиги эса, биринчи навбатда, пойдеворга боғлиқ. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз айтганидек “Қаерда қонун ҳукмрон бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади”. Дарҳақиқат, қайси мамлакатда қонун устувор бўлса, ўша мамлакатда тинчлик ҳукм суриб, тараққиётга, юксалишга эришилади. Аксинча, қонунга амал қилинмаган жойда тартибсизлик, бебошлик авж олади, иқтисодиёт таназзулга юз тутади. 

Албатта, қонунларга риоя қилиниши уларнинг сифатига ҳам бевосита боғлиқ. Қонунларимиз қанчалик адолатли, мукаммал бўлса, жамиятимизда ижтимоий муносабатлар шунчалик тартибли кечади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз тараққиётига ўзининг бевосита таъсирини ўтказади. Конституциямиз Ўзбекистонда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим қоидаларини ўзида мужассам этган, жамиятимиз ҳаётининг асосий ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. 

Бош қомусимизда демократия умуминсоний тамойилларга асосланиши, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб амалга ошириши каби асосий принциплар белгиланди. Шу қоидалар асосида мамлакатимизда “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун”, деган ғоя ҳаётга татбиқ этилди. Конституциямизда, шунингдек, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмаслиги шартлиги тўғрисидаги қоида ҳам ўз ифодасини топди. 

Конституцияда давлат халқ иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи Ўзбекистон халқи эканлиги белгиланиб, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципи мустаҳкамланди. Ҳар қандай демократик давлатнинг асосий ҳал қилувчи шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизми шакллантирилди. 

Конституция ҳар бир давлатнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланиб, унинг меъёрлари нафақат давлат тузуми, давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш принципларини, балки ижтимоий ҳаёт меъёрларини ҳам белгилайди. Масалан, Ўзбекистон Конституциясининг 14-бобида оилавий турмуш тарзининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи принципиал қоидалар белгиланган. Унинг 12-боби эса жамиятнинг иқтисодий асослари, иқтисодий фаолият эркинлигини кафолатли таъминлаш, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган. Конституциявий ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, конституция ўзининг асосий қоидаларини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш учун кенг имконият яратади. 

Давлат ва ҳар бир фуқаро ҳаётида конституциянинг ўрни ва аҳамияти жуда катта. Демократик давлатнинг конституциявий асосини инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ташкил қилади. Шу маънода, мамлакатимиз Конституциясидан “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” бўлими алоҳида ўрин эгаллагани бежиз эмас. Шунингдек, Бош қомусимизнинг “Асосий принциплар” бўлимида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканини қайд этувчи асосий ғоялар мустаҳкамланган. 

Конституция барқарор бўлиши керак, аммо у мутлақ ўзгармас, қотиб қолган догма ҳам эмас. У ҳаётга мос ва хос равишда, мамлакат тараққиётининг бурилиш паллалари ва халқ истак-хоҳишлари тақозосига кўра муайян тартибда ўзгартириб турилади. 

Биз эришган ютуқларнинг энг муҳими – эски тизимдан бутунлай воз кечиб, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш йўлидан дадил бораётганимиз ва бу жараённинг ҳеч қачон ортга қайтмайдиган қатъий ва изчил тус олганини бугунги кунда ҳар бир Ўзбекистон фуқароси чуқур англаб ва бутун онгу шуури билан ҳис этиб яшамоқда. 

Конституциямизнинг қоида ва меъёрларига таяниб, мустақиллик йиллари даврида Ўзбекистоннинг демократик тараққиётини таъминлаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда халқ фаровонлигини юксалтиришдаги жараёнларнинг янада фаоллашгани, кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётганлигини, фаол демократик ўзгаришларни қуйидагилар замирида яққол кўриб турибмиз. 

Бош қомусимиз жаҳон конституциявий харитасида ўз ўрнини топди ва унда жаҳон конституциявий тажрибаси, ютуқлари уйғунлашган. Яъни, Асосий қонунимиз ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилди. 

Унинг ғоя ва нормалари ўзбек халқининг теран тарихий илдизларига асосланган бўлиб, кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларни, улуғ аждодларимизнинг ҳуқуқий меросини ўз ичига олган. Конституцияни ўрганиш бўйича тажрибамиз, яъни конституциявий ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга қаратилган узлуксиз ҳуқуқий таълим тизими халқаро аҳамиятга эга. 

Алишер Махматмуродов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.​