ЎзА Ўзбек

19.03.2020 Чоп этиш версияси

Эркак рақсга тушса...

Эркак рақсга тушса...
Эркак раққосларга баъзи ҳамюртларимиз бошқача назар билан қарайди. Хусусан, “Йигитларга хос касб эмас”, “Аёлларнинг касби” қабилидаги фикрлар шаклланган. Бу қанчалик тўғри?

Шуҳрат Тўхтасимов, Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори:

– Тарихдан маълумки, ўзбек рақс санъатини дастлаб эркаклар ижро этган. XIX аср охири – XX асрга келиб миллий рақс санъатимизда аёллар ижроси етакчилик қила бошлади. Ўрта асрларда сарой созандалари ичида раққослар кўп бўлган. Эркак раққос нима учун керак деган саволга тўхталадиган бўлсак, “Дилхирож”, “Андижон полкаси”, “Хоразм лазгиси” каби ўнлаб миллий рақсларимизни эркак раққосларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сабаби, мазкур рақсларни ижро этишда ўзбек йигитларининг шаҳди, жасурлиги, мардлиги, бир сўзлиги, орияти ифодаланади. Қолаверса, тарихий шахслар, турли жанг саҳналарини фақат раққосларгина кескин, шахдам ҳаракатлар билан гавдалантириши мумкин. Раққосалар буни уддалай олмайди.

Ўзбек рақс санъати тарихига назар солсак, унинг асосларини оддий, меҳнаткаш халқимиз яратганига гувоҳ бўламиз. Илк рақслар халқнинг меҳнат жараёни, ғам-қайғуларидан шаклланган, орзу-умидларини ифода этган.

Тарихдан бизгача “Катта ўйин” номи билан маълум доира усулларига мос ҳаракатлар асосига қурилган рақс санъати, “Хона базм ўйин” номи билан маиший рақслар, Хоразмда олов билан рақсга тушиладиган “Оташ ўйин”, Бухорода тиззада ўтирган ҳолда ўрнидан турмасдан ўйналадиган аёллар рақслари, Самарқанд вилоятининг тоғли туманларида эркакларнинг қарсак билан ижро этиладиган “Бешқарсак” рақслари етиб келган.

Профессионал ўзбек халқ саҳна рақс санъати вужудга келиши ва ривожланишида Муҳиддин Қориёқубов, Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Исоҳор Оқилов, Гавҳар Раҳимоваларнинг ижодий фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Фидойи устозларнинг ижодий меҳнати, саъй-ҳаракати, улар тарбиялаган раққос ва раққосаларнинг фаолияти туфайли халқ рақси мероси саҳнавий шаклда бугунги кунгача етиб келди.

Бу ижодкорларнинг ҳар бири ўзгача йўналиш ва услубга эга. Ю.Шакаржонов ўзининг беқиёс маҳорати билан ўзбек рақс санъатининг йўқолиб бораётган “Катта ўйин” рақсининг охирги ижрочиси бўлиб тарихда қолган.

Бу рақсни У.Комилов ва Тамарахоним биргаликда ҳаракатлар кетма-кетлигини ўрганиб чиқиб, шу кунгача ижро этилаётган рақсларнинг барчасида кузатиладиган “Доира зарбига машғулотлар” қўлланмасини яратди. Кейинчалик Р.Каримова ташаббуси билан бу ҳаракатлар китобга кўчирилди. Тамарахоним ижодида миллий рақслар билан бир қаторда лапарларни, яллани ҳам кўришимиз мумкин. Бу халқчил ижодга ёндашувдир, чунки халқ яллани жуда қадрлайди. М.Турғунбоева бўлса ўзининг саҳнавий Фарғона мактабига хос бўлган рақслари билан санъат оламига кириб келди.

М.Турғунбоева ижодида биз учта рақс мактабига алоқадор барча рақсларни кўришимиз мумкин. Фақат биз ҳар бир мактабнинг ўз усталари ҳақида гапирадиган бўлсак, И.Оқилов ва Оқиловлар сулоласи Бухоро мактаби, Г.Раҳимова Хоразм мактаби ҳамда Е.Петросянц Қорақалпоқ рақс мактаблари асосчилари ҳисобланади. Улар ҳақиқий ўзбек миллий рақсларининг илк намоёндалари.

Ўзбекистон давлат хореография академияси рақс санъатини сир-асрорларини ўргатадиган мамлакатимиздаги ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Мазкур таълим даргоҳи дунё маданиятида ўз ўрни ва нуфузи билан эътироф этилувчи “Лазги”, “Андижон полкаси”, “Тановар”, “Дилхирож” каби ўзбек рақслари умрбоқийлигини таъминлаш, ўзбек миллий рақс санъатини янада ривожлантиришга замин яратади.

Бугунги кунда муассасадаги илмий даражаси бўлган профессор-ўқитувчилар бор-йўғи 43 фоизни ташкил қилади. Рақс санъатининг илмий-назарий асосларини ўрганиш ва татбиқ этиш масаласи деярли ҳеч кимни қизиқтирмаган.

Бугун мамлакатимизда йигитлар рақсини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, йигитлар рақсини янада ривожлантириш ҳамда ўзбек йигитларининг юксак маънавий фазилатларини тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон давлат филармонияси таркибида “Дилхирож” йигитлар рақс ансамблини ташкил этиш вазифаси белгиланди.

Айни вақтда Ўзбекистон давлат хореография академиясида хореография жамоалари раҳбари, хореограф-педагог, хореограф-санъатшунослик йўналишлари бўйича 400 йигит-қиз пухта таҳсил олмоқда.

Янгидан ташкил этиладиган рақс санъати академиясида докторантура босқичининг очилиши санъатни чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларга ечим топишга замин яратишига шубҳа йўқ.

2019-2020 ўқув йили бошида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби капитал реконструкция қилиниб, 6 қаватли янги иншоотда 16 та кенг, шинам рақс залига эга бўлди.

Олий мактабда таълим сифатини замон талаби даражасига кўтариш мақсадида Германия, Москва, Беларусдаги турдош хорижий таълим муассасалар тажрибаси ўрганиб чиқилди. Натижада ташкил этилиши режалаштирилган Ўзбекистон давлат хореография академиясида янги таълим йўналиши бўйича ўқишни ташкил этиш, академик мобилликни йўлга қўйиш масалалари белгиланди.

“Устоз-шогирд” тизимини янада такомиллаштириш йўлга қўйилди. “Сарвиноз” рақс ансамбли ўз фаолиятини бошлади. Рақс жамоаси рахбарлари Г.Усманова, Э.Саитова, А.Магдиева иқтидорли ёшларни республика ва халқаро танловларга тайёрлаш бўйича самарали фаолият юритмоқда.

Ўзбек миллий рақсига бутун дунё катта қизиқиш билдираётгани сир эмас. Кўплаб хорижликлар турли рақсларимизни ўрганиб, юртимизда ва ўз юртида ижро этгани ҳақида хабар эшитганимизда кўксимиз фахру ифтихорга тўлади. Бу нафақат санъатга бўлган эътибор, балки ўзбек элига бўлган ҳурмат ва эҳтиром рамзидир.

Академия талабалари республикамизда йил мобайнида кенг нишонланадиган байрам, халқаро фестиваль ва кўрик-танловларда, давлат даражасидаги тадбирларда мунтазам иштирок этиб, ўзбек санъатини кенг тарғиб қилаётир.

Давлат тасарруфидаги барча рақс ансамбллари, жумладан, “Ўзбекистон”, “Лазги”, “Тошкент зеболари”, “Тумор”, “Навбаҳор”, “Наврўз” каби ансамбллар раққос ва раққосалар билан тўлиқ таъминланмагани сабабли концерт дастурларига мунтазам равишда академия талабалари дарсдан бўш вақтларида жамоатчилик асосида жалб этилмоқда.

2 071
ЎзА мухбири Ш.Маматуропова ёзиб олди.​