ЎзА Ўзбек

16.10.2019 Чоп этиш версияси

Эркабой ТОЖИЕВ: “Йирик мансабдорлар коррупцияси бизни бу иллатга қарши курашишда қатъий қадамлар қўйишга ундади”

Эркабой ТОЖИЕВ: “Йирик мансабдорлар коррупцияси бизни бу иллатга қарши курашишда қатъий қадамлар қўйишга ундади”

Тошкентда Ўзбекистоннинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракат режасида иштироки доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тармоғининг коррупцияга қарши курашиш, ноқонуний ўзлаштирилган активларни қайтариш бўйича 10-йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Эркабой Тожиев иштирокчиларни қутлаш баробарида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, кўпчилик мамлакатларда юқори даражадаги мансабдор шахсларнинг коррупцияга йўл қўйиши ўткир муаммолардан ҳисобланади. Чунки айнан шу йўл билан давлат маблағларини, активларини ўзлаштириш амалиёти кенг тарқалган. Айнан ушбу салбий ҳолатга қарши курашиш, активларни қайтариш долзарб масаладир.

Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳаракатлар стратегияси асосида белгиланган вазифаларда ҳам ушбу масалага алоҳида ўрин берилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан коррупцияга қарши курашишга оид қонун қабул қилинди. Қонунни амалда татбиқ этишнинг самарали механизми ҳам яратилди. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди. Бош прокуратура унинг ишчи органи этиб белгиланди.

Парламент назоратини кучайтириш доирасида жорий йилнинг март ойида Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатасида коррупцияга қарши курашиш қўмиталари ташкил этилди. Ҳудудларнинг вакиллик органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссиялар тузилди.

Ўзбекистон халқаро миқёсда давом этаётган коррупцияга қарши курашиш тадбирларида ҳам иштирок этиб келмоқда. 2010 йилдан буён Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул Ҳаракат режасида иштирок этмоқда. Мамлакатда мониторингнинг 4-босқичи бўлиб ўтди ва берилган тавсияларни амалга ошириш учун “йўл харитаси” амалга оширилмоқда.

Э.Тожиев ўз сўзида “Йирик мансабдорлар, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда раҳбарлик қилган шахсларнинг коррупцияга йўл қўйгани, улар жиноий жавобгарликка тортилгани катта шов-шувли ва айни вақтда ачинарли воқеалардан бўлди”, деб алоҳида таъкидлади. “Бу каби ишларни тергов, суриштирув ишлари бизни коррупцияга қарши курашишда қатъий қадамлар қўйишга ундади”.

Коррупцияга қарши кураш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди. Унда суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш устувор йўналиш ҳисобланади. Давлат хизматларининг янги тизимини шакллантириш, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши чоралар амалга оширилишини мониторинг қилишга кенг жалб қилиниши ҳам қамраб олинган.

Яқинда Президент ҳузурида Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ҳамда Давлат хизматларини қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилди. Меритократия ва очиқ танлов асосида давлат хизматининг “мартаба моделини“ жорий этиш бўйича ҳам ишлар бошланди.

11 225
Норгул Абдураимова, ЎзА