Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.08.2018 16:51 Чоп этиш версияси

Эришилган ютуқ ва муаммолар таҳлили

Эришилган ютуқ ва муаммолар таҳлили
Тошкент давлат аграр университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида “Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг истиқболли йўналишлари” мавзусида конференция ташкил этилди.

Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар ва қонуности ҳужжатлар, шунингдек, соҳанинг истиқболли йўналишлари хусусида сўз борди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирдаги маърузаси ҳамда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, соҳага оид истиқболли йўналишларни амалга ошириш бўйича қатор муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.

Бугунги кунда аграр соҳани тартибга солишга доир 20 та тўғридан-тўғри ҳамда 12 та бевосита алоқадор қонун ҳужжатлари, 300 дан ортиқ фармон ва қарорлар, 50 дан зиёд халқаро ҳужжатлар мавжуд. Сўнгги икки йилда давлат дастурларида белгиланган тадбирлар асосида бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди. Қабул қилинган ҳужжатлар ижроси юзасидан ўтган 2017 йилнинг ўзида йил якуни билан 67 триллион 2018 миллиард сўмлик ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Бунда дон, сабзавот, картошка, полиз экинлари, мева ва узум етиштириш ҳажми тубдан оширилган.

Инвестиция дастури доирасида 13 та лойиҳа бўйича ишлар амалга оширилган. “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури” бўйича ўтган йилда жами 455 миллиард сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштирилиб, кенг миқёсда мелиорация тадбирлари амалга оширилган.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш асосида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва тармоқ экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича 2016 йилда қабул қилинган дастурга мувофиқ 2016-2018 йилларда жами 240 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилди. Ушбу майдонларга жорий йилда юқори даромадли, экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, 73,5 минг гектар сабзавот, 19 минг гектар картошка, 15,1 минг гектар полиз, 37,5 минг гектар дуккакли экинлар, 44,3 минг гектар озуқа экинлари экилди. 23 минг гектар интенсив боғ, 8,3 минг гектар токзор ва 600 гектар замонавий иссиқхона барпо этилди.

Республикада ноанъанавий, импорт ўрнини босувчи ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кейинги йилларда мамлакат бўйича жами 22,5 минг гектар аччиқ қалампир, 8,1 минг гектар қизилмия плантациялари барпо этилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда инновацион ва интенсив технологияларни жорий қилиш ҳисобига маҳсулот ҳажмини ошириш юқори натижа бермоқда. Республика бўйича 2011-2017 йилларда 36,6 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилган бўлса, шу йилнинг ўзида 7,8 минг гектар замонавий интенсив боғлар барпо этилди.

Мисол учун, замонавий технологиялар асосида яратилаётган пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғларнинг 1 гектаридан ҳосилдорлик ўртача 20-25 тоннани ташкил этмоқда. Бу эса анъанавий боғларга нисбатан 2-3 баробар кўпроқ ҳосил деганидир.

Аҳоли талабидан келиб чиқиб, чорвачилик тармоғини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида чорва моллари бош сони ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда. Чорвачиликни диверсификация қилиш натижасида четдан 85 минг бошдан ортиқ наслли чорва моллари олиб келинди. 132 минг бош наслли қуён, 10 минг бош ангор эчкилари, балиқнинг ноёб ва сердаромад 10 дан ортиқ турларини боқиш ва кўпайтириш йўлга қўйилди. Натижада, 2017 йилда 2 миллион 281 минг тонна тирик вазнда гўшт, 10 миллион 83 минг тонна сут, 6 миллиард 605 миллион дона тухум, 82,3 минг тонна балиқ ишлаб чиқарилди.

Конференцияда соҳада эришилган ютуқлар билан бирга, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари, бунинг учун қонун ҳужжатларида акс этиши лозим бўлган масалалар муҳокама этилди. Якунда мавзуга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 740