ЎзА Ўзбек

08.08.2018 21:34 Чоп этиш версияси

Эришилган натижалар қониқарлими?

Эришилган натижалар қониқарлими? Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг биринчи ярим йиллик фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатларининг фаолияти, камчиликлар, аҳоли мурожаатлари ва уларнинг ҳал этилиши юзасидан маълумотлари тингланди.

Анжуманда таъкидландики, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари бевосита уларни сайлаган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, демократик ислоҳотларни татбиқ этиш, давлат дастурлари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сўзсиз ижро этилиши устидан депутатлик назоратини амалга ошириш учун масъулдир.

7 (2).jpg

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифасини ҳал этишда Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлик механизмини такомиллаштириш, халқ депутатлари Кенгашлари доимий комиссиялари ваколатларини рўёбга чиқаришда уларга амалий ва услубий ёрдам бериш борасида аниқ вазифалар юклатилган.

Мазкур комиссия томонидан Наманган вилоятида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш самарадорлигини оширишда депутатлар иштироки таҳлил этилди. Шунга кўра, вилоятдаги ҳар қандай содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарлик юзасидан соҳа ходимларига келиб тушган мурожаат ёки маълумот ўша ҳудуд депутатига ҳам юборилади. Ушбу ҳамкорликдаги ҳаракат ўз ижобий самарасини берса, кейинчалик уни оммалаштириш тизими йўлга қўйилади.

Анжуманда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси, ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳолати танқидий ўрганилганлиги таъкидланди.

Мазкур ўрганишларда маълум бўлдики, Тошкент шаҳри ва вилоятининг қатор туманларида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини билиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда амалий кўмак кўрсатиш юзасидан самарали натижаларга эришилган.

Анжуман давомида айни ўрганишлар натижаси таҳлили сифатида Андижон ва Наманган вилоятлари, пойтахтимизнинг Олмазор, Чилонзор ва Миробод туман халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти юзасидан маълумотлар берилди.

Комиссиянинг амалга ошириши лозим бўлган ишлари кўплиги қайд этилиб, эришилган натижалар танқидий-таҳлил қилинди. Истиқболдаги режалар хусусида фикрлашилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Барно Мелиқулова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
5 552