ЎзА Ўзбек

15.05.2019 Чоп этиш версияси

Ери олиб қўйилган фермер аёл билан боғлиқ воқеа Адлия вазирлиги томонидан ўрганилди

Ери олиб қўйилган фермер аёл билан боғлиқ воқеа Адлия вазирлиги томонидан ўрганилди

Ижтимоий тармоқларда ери олиб қўйилган фермер аёлнинг ҳокимлик вакиллари билан тортишув чоғида ҳушидан кетгани акс этган видео тарқалди ва қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. 

Адлия вазирлиги томонидан Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида фаолият юритиб келаётган “Холбуви опа барака” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Холбуви Тангированинг ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлаётган муаммоси ўрганилди. 

Адлия вазирлигидан маълум қилишларича, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг 2018 йил 19 июндаги қарорига асосан фуқаро Холбуви Тангировага 124 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу қарорга асосан аёл фермер хўжалиги ташкил этиб, туман давлат хизматлари маркази томонидан 2018 йил 28 июнда 618819-сон реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган. 

2018 йил декабрь ойида Холбуви Тангирова таъсисчилигида жамият ташкил этилган ҳамда туман давлат хизматлари маркази томонидан 2018 йил 6 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ажратилган 124 гектар ер майдони жамиятга бириктирилган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жамиятга пахта хомашёси, бошоқли дон ва бошқа маҳсулотларни, шунингдек, чорвачилик ҳамда балиқчилик маҳсулотлари етиштиришни ташкил қилиш учун Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида доимий эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқи билан 35,4 минг гектар суғориладиган ер ва 3,1 минг гектар балиқчилик кўллари ажратилиши белгиланган. 

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги, Тошкент вилояти ҳокимининг 2018 йил 3 декабрдаги қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг 2018 йил 10 декабрда ҳамда 2019 йил 23 январда тегишли қарорлари қабул қилинган. 

Туман ҳокимининг 2019 йил 23 январдаги қарорига асосан “TASHKENT COTTON TEXTILE CLUSTER” масъулияти чекланган жамияти таркибига кирадиган агросаноат корхоналарига 37 минг 182 гектар ер майдони ажратилган.
Бунинг оқибатида, Холбуви Тангировага қарашли 124 гектар ер майдони ушбу жамиятга ўтказилган. Бироқ Холбуви Тангировага етказилган зарар қопланмаган. 

Ваҳоланки, Ер кодексининг 86-моддаси, 
5-бандида зарарнинг ўрни олиб қўйилаётган ер участкалари ажратиб бериладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан, шунингдек, фаолияти ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари чекланишига ёки яқин атрофдаги ерларнинг сифати ёмонлашувига олиб борган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши белгиланган. 

Ҳозирги кунда Тошкент вилояти савдо-саноат палатаси томонидан фуқаро Холбуви Тангировага етказилган зарарни ундириш юзасидан Иқтисодий ишлар бўйича Қуйи Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Суднинг 2019 йил 6 майдаги ажримига асосан ишни кўриб чиқиш 22 май куни соат 12:35 га белгиланган. 

3 109
ЎзА​​