ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Ердан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг зарурий шарти

Ердан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг зарурий шарти

Ер умуммиллий бойлик, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланади. Унинг ҳисобини аниқ юритиш ва самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш каби кўплаб соҳалар учун жуда муҳим. Лекин тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли минглаб гектар ерлар талон-торож бўлиб кетган.

Масалан, мамлакатимизда ер хатлови охирги марта 40 йил олдин ўтказилган. 140 та туман маъмурий чегаралари ҳозиргача аниқ эмас. Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди.

Шу сабабли соҳада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш учун тизимни ислоҳ қилиш бошланди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 сентябрдаги «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди. Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш вазифаси мазкур агентликка, ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва назорат қилиш функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилди.

Куни кеча Президентимиз раислигида давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишда янги тизим асосида ишни ташкил этиш учун биринчи галда ер ҳисобини жойига қўйиб, тўлиқ шакллантириб олиш зарурлиги таъкидланди.

Инчунин, бугунги кунда 340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмаган. Шундан 200 мингдан зиёд объект бўйича солиқ ҳисобланмаяпти. Қолаверса, 1 миллиондан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқ. Шу жиҳатдан кўчмас мулк кадастри ҳисобини тўлиқ шакллантириш зарур. Бу солиқ солиш базасини кенгайтиришда ғоят муҳимдир. Зеро, ундан келадиган маблағлар тўлиқ маҳаллий бюджетга тушади ва улар ҳисобидан ижтимоий масалаларни ҳал этиш мумкин бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат. Ҳозирги пайтда ер солиғи ҳисоблаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳам ҳаётий заруратдир. Сабаби вилоят марказларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларда ҳам, ҳосилдорлиги паст жойларда ҳам ер солиғи деярли бир хилда ҳисобланади. Шу жиҳатдан ерларнинг ҳақиқий қийматидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш, бунда оширилган ва камайтирилган коэффициентларни қўллаш тизимини жорий этиш лозим бўлади.

Видеоселектор йиғилишида ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ёки ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш муаммосига ҳам тўхталиб ўтилди. Чунки жорий йилда 50 мингга яқин ҳолатда 11 минг 200 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган. Шундан 3 200 гектарда ноқонуний уй-жой қурилган.

Давлатимиз раҳбари ердан унумли фойдаланиш, соҳа равнақига тўсиқ бўлаётган камчиликларни узил-кесил бартараф қилишга қаратилган устувор вазифаларни аниқ белгилаб бердики, бу ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари зиммасига катта масъулият юклайди. Халқ вакилларининг жойларда доимий назорат ҳамда мониторингни олиб бориши албатта, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳаётийлигини таъминлайди.

«Ери бойнинг эли бой», дейди халқимиз. Шу маънода, мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги учун, аввало, ерни увол қилмай, ризқу рўз ундиришда ҳафсаласиз ҳамда суст кайфиятдан тўла халос бўлмоқ лозим. Токи, ернинг умри зое кетмасин, бозорларимиздаги файзу баракага путур етмасин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ернинг ҳар қаричи — олтинга тенг. Демак, инсон яшаши, ризқ топиши, турмушини фаровон қилиш учун ундан унумли фойдаланмоғи лозим. Зеро, ҳамма вақт тириклик манбаи бўлиб келган ердан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг зарурий шарти, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 
Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

1 981
ЎзA