ЎзА Ўзбек

09.09.2018 21:53 Чоп этиш версияси

“Erasmus+” дастури вакиллари “Тараққиёт“ республика танловига қизиқиш билдирмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлигида Европа Иттифоқи таълим дастури координатори А.Абдураҳмонова билан ўтказилган учрашув давомида ўзаро ҳамкорлик, жумладан, истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови доирасида биргаликда ишлаш масалалари кўриб чиқилди.

Президентимизнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг грантлари ва ҳомийлик маблағларини жалб этиш ҳам назарда тутилган.Танловнинг 50 нафар ғолибига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган 150 иштирокчисига эса энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. 

Бундан ташқари танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ уч ойлик ўқув курсларида ўқийди. 

Вазирлик матбуот хизмати маълумотида қайд этилишича, “Erasmus+” вакиллари амалдаги дастурлар ҳақида тўхталиб, ҳар уч йилда ўтказиладиган ушбу танлов бўйича алоҳида лойиҳани ишга тушириш ҳақида музокаралар юритишга тайёр эканликларини билдиришган. 16 йўналиш бўйича финалга чиққан номзодларнинг хорижда амалиёт ўташ жараёнида Европа иттифоқи таълим дастури ҳам кўмак бериши мумкин. Шунингдек, келишувга биноан янги қўшма лойиҳалар ҳам йўлга қўйилади.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
4 415