ЎзА Ўзбек

27.08.2018 17:35 Чоп этиш версияси

Эр ўз хотинининг қотилига айланди

Эр ўз хотинининг қотилига айланди

Жиноятчиликка қарши курашиш ҳақиқати ва адолати

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида ўз рафиқасининг қотилига айланган фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган муқаддас даргоҳ. Оила – жамиятни тутиб турувчи тиргак, мустаҳкамлаб турувчи асосий қўрғон. Оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунча кучли бўлади. Зеро, ёш авлод ана шу жамиятда униб-ўсади, камолга етади. Ундаги ҳар қандай қадриятни ўзида сингдириб улғаяди. 

Афсуски, бугун оила деган муқаддас даргоҳнинг, ундаги масъуллик туйғусининг моҳиятини англаб етмаётган, арзимас сабаб билан пароканда бўлаётган, ачинарлиси, ўзаро жанжаллар туфайли жиноятга қўл ураётганлар учраб турибди. Ушбу жиноят ҳам жанжал ва келишмовчиликлар оқибатида содир бўлди. 

Фуқаро Д.Сотволдиев Д.Ортиқова билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Икки нафар фарзанди бор. Ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабаб улар кейинги йилларда алоҳида яшаб келган.

2018 йил 11 апрель куни соат 23:00 ларда Д.Ортиқова турмуш ўртоғи Д.Сотволдиевнинг Риштон тумани Ёшлик маҳалласи Ёшлик-3 кўчасида жойлашган яшаш хонадонига келиб, ўғли М.Ортиқовни ўзи билан олиб кетишини айтади. Д.Сотволдиев табиийки, эътироз билдиради. Ўғли ҳеч қаерга бормаслигини, шу ерда қолишини айтиб, жанжал кўтаради. Жанжал давомида Д.Сотволдиев ўғлига хонасига кириб ухлашини, эртага мактабга боришини айтади. Ўзаро жанжал давом этиб, хотинининг ҳақоратларидан жаҳли чиққан Д.Сотволдиев Д.Ортиқовани қасддан ўлдириш мақсадида ошхона пичоғини олиб чиқиб, баданининг турли жойларига уради ва оғир тан жароҳати етказади. Натижада Д.Ортиқова олган оғир тан жароҳати сабаб шифохонада вафот этади.

5.JPG

Мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг раиси М.Мирзажонов томонидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Фарғона шаҳар ва Риштон тумани кенгашлари, хотин-қизлар қўмитаси, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд мажлиси давомида судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг, судланувчи ва жабрланувчи истиқомат қилган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг кўрсатувлари тингланиб, суднинг 2018 йил 17 августдаги ҳукми билан Д.Сотволдиевга Ўзбекистон Республикаси ЖК 97-моддасининг 1-қисми билан Жиноят кодекси 57-моддаси қўлланиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд томонидан Д.Сотволдиевга жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, жабрланувчи қонуний вакилининг талабини инобатга олиш билан бирга, судланувчининг шахсини, оилавий шароитини, муқаддам судланмаганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жабрланувчининг ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, унга нисбатан у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ миқдорда жазо тайинланди.

Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг раислик этувчи томонидан тарафларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари, шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси ҳақида тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, ушбу жиноятнинг содир этилиш сабаблари кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Одатда, жиноят тафсилотлари якунида «маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндош-уруғ қаёққа қаради? Муаммонинг шу даражада чуқурлашиб кетишига нега йўл қўйилди?» қабилида хулоса қилинади. Бу бежиз эмаслигини бир оила фожиаси мисолида кўриш мумкин. Ҳар бир оила – жамиятнинг бир бўлаги. Шундай экан, унинг ички муаммолари учун жамият аъзолари ҳам бирдай масъул. Масъулият унутилган, атрофдагилар лоқайд томошабинга айланган жойда эса жиноятлар туғилиши аниқ.

Суд содир этилган жиноятнинг сабабини ва унинг содир этилишига имкон берган шароитларни бартараф қилиш юзасидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Фарғона шаҳар ва Риштон тумани кенгашларига хусусий ажримлар чиқарди.

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА
7 435