ЎзА Ўзбек

11.09.2020 Чоп этиш версияси

Ер усти метроси остида савдо шохобчалари ва кўнгилочар масканлар барпо этилади

Ер усти метроси остида савдо шохобчалари ва кўнгилочар масканлар барпо этилади
Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Тошкент метрополитенинингЮнусобод йўналишида "Юнусобод" ва "Туркистон" бекатлари ҳамда Тошкент ер усти халқа метро линиясининг биринчи босқичи – «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналиши фойдаланишга топширилди.

Ўзига хос замонавий кўриниш, қулайлик ва кўркамликка эга бўлган «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналиши 7 бекатдан иборат бўлиб, узунлиги 11,5 километрни ташкил этади.

Эътиборли жиҳати, 29 август куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу манзилга ташриф буюриб, жамоатчилик вакиллари билан бирга поездда юрган ҳамда замонавий бекатлардаги қулайликлар билан танишган эди.

Тошкент шаҳрида ер усти халқа метро линияси қурилишини мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги ёрқин ифодаси дейиш мумкин. Чунки шу вақтга қадар аҳоли ер ости метрополитенидан фойдаланиб келгани сабабли ер усти метросини барпо этиш мумкинлиги ҳақида тасаввур қилмасди. Шу боис, ҳукуматимиз томонидан бугун тошкентликларнинг узоғини яқин қилаётган Тошкент ер усти халқа метро линиясининг биринчи босқичи – «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналишининг ишга туширилиши улар учун том маънода янгиликдир.

0 (89).JPG

Айни кунларда ер усти метросидан фойдаланаётган шаҳар аҳолиси чиндан ўзларини бахтиёр ҳис этмоқда. Поезд ва бекатлардаги замонавий кўриниш ва қулайликлар, азим Тошкент манзараларини баланддан томоша қилиш уларга чиндан қувонч улашмоқда.

Ўз навбатида, бундай янгилик юртимиз тадбиркорлари ва инвесторларни янги ғояларга ундаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Ростда, Германия, Япония, Швейцария давлатларида ер усти метроси бир томондан йўловчиларни манзилларига етказиш объекти бўлса, иккинчи томондан уларнинг бизнес вакиллари учун даромад манбаига айланган гўша ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги «Тошкент шаҳрида икки йўллик электрлаштирилган тезюрар темир йўлини қуриш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши бу ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари ер усти метросининг «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналишида бўлиб, бу ердаги жараёнлар билан танишди.

0 (16).JPG

Иштирокчиларга ушбу метро линиялари қурилиши бўйича "Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раиси Ҳусниддин Ҳосилов маълумот берди.

– Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бугунги кунда ер усти ва ер ости метро қурилишлари жадал давом эттирилмоқда, – деди Ҳ.Ҳосилов. – Мустақиллик байрамининг 29 йиллиги арафасида Юнусобод йўналишининг “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари ҳамда «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» ер усти йўналиши ишга туширилди. Ҳозирги кунда «Сергели» линияси қурилиши давом эттирилмоқда. Бу йўналишнинг ўзига хослиги шундан иборатки, оралиқ масофа 6,9 километрни ташкил этади ва Сергелининг зич жойлашган аҳолисига қулайлик яратади. 

«Сергели» йўналиши «Чоштепа», «Тошкент халқа йўли», «Сергели», «Афросиёб», «Қипчоқ» бекатларидан иборат. Ҳозир қурилиш жараёнида 100 фоиз темир-бетон конструкция ишлари бажарилган. Ер ости ишлари тугатилган. 1400 дан ортиқ темир-бетон балкалар монтаж қилинган. Айни кунларда ер усти метро линияларида темирйўл панжараларини ўрнатиш, электрлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Юқорида таъкидлаб ўтган бекатларда қурилиш ишлари тугатилиб, айни чоғда уларда қоплама ишлари амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналишининг ишга туширилиши билан бу ерга қилган ташрифи чоғида ер усти метро линияларининг пастки қисмида жуда кўп очиқ майдон мавжудлиги ва ундан унумли фойдаланиш масаласига катта эътибор қаратди.

0 (11).JPG

Ушбу талаблардан келиб чиқиб, бугунги кунда ер усти метроси пастки қисмида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш қаторини ташкил қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу ишларни амалга ошириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.

Ер усти метро линияси билан ташинув чоғида Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов иштирокида ушбу ишларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа тақдимоти ўтказилди.

Унда Яшнобод тумани ҳокими лойиҳанинг аҳамияти ҳамда уни амалга татбиқ этиш аҳоли турмуш-тарзини яхшилаш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Мустақиллик байрами арафасида Тошкент шаҳрида янги, замонавий ва ноёб бўлган ер усти метро линиясининг Яшнобод тумани ҳудудидан ўтувчи биринчи етти бекатдан иборат бўлган метро фойдаланишга топширилди, – деди Б.Раҳмонқулов. – Бу улкан бунёдкорлик Яшнобод, Бектемир ва қўшни туманлар аҳолисига катта қулайлик яратмоқда. Шу билан бирга, бу ишлар давомида ер усти метроси остида яхши бир шаҳар инфраструктурасини яратиш режамиз ҳам бор. Биз бу лойиҳани ишлаб чиқишдан олдин Германия, Швейцария ва Япония давлатлари тажрибасини ўргандик. 

0 (4).JPG

Ушбу давлатларда ҳам ер усти метроси остида савдо шохобчалари, кўнгилчор масканлар барпо этилган. Шундан келиб чиқиб, биз биринчи ва иккинчи бекатлар оралиғини олти лотга бўлиб чиқдик. Жами 6 лот 153 минг 161 квадрат метр масофани эгаллайди. Масалан, 1-лот 24 минг 965 квадрат метр бўлиб, у Оҳангарон шоҳ кўчасининг ўнг томонида жойлашган. Бу жойлар кимларга берилади ва улардан қандай тартибда фойдаланиш мумкин, деган савол туғилиши табиий, албатта. Айни пайтда бу борада ўрганишлар олиб борилмоқда. Яна бир муҳим гап: Оҳангарон шоҳ кўчаси автомобиллар ҳаракати энг гавжум йўл ҳисобланади. Шу сабабли, бу борада режалар пишиқ-пухта ишлаб чиқилади.

Ер ажратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан «YERELEKTRON» аукцион автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. 

Унда мамлакатимиз тадбиркорлари ва хорижлик инвесторлар иштирок этиши мумкин. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирувчи хужжатлари ишлаб чиқилиб, якунига етказилгандан сўнг ўрнатилган тартибда тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали тегишли маълумотлар бериб борилади.

Тақдимотдан сўнг иштирокчилар ер усти метросининг Сергели линиясидаги қурилиш жараёнлари билан танишди.

2 (27).JPG

2 845
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА