ЎзА Ўзбек

02.05.2019 Чоп этиш версияси

Ер ости сув захираларидан оқилона фойдаланмасак, бизни нима кутмоқда?

Ер ости сув захираларидан оқилона фойдаланмасак, бизни нима кутмоқда?

Мамлакатимизда тасдиқланган ер ости сувлари захираси 16 миллион 800 минг кубо метрни ташкил этади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, аҳолини сув таъминоти ер ости ва ер усти сувлари ҳисобига амалга оширилади. Бунда ер ости сувлари табиий ҳимояланганлиги туфайли аҳолини ичимлик суви билан таъминлашнинг ишончли манбаларидан биридир.

Ҳозирда юртимизда 119 та шаҳар, мингдан ошиқ шаҳар кўринишидаги посёлка ва 11 мингдан зиёд қишлоқ аҳоли пункти бор. Шундан 69 шаҳар, 335 шаҳар кўринишидаги посёлка ва қарийб 3 минг қишлоқ аҳоли пунктлари ер ости сув захиралари ҳисобидан ичимлик сувидан фойдаланмоқда. Аҳолининг қолган қисми ер устки сувлари, булоқлар ва бошқа турдаги сув манбалари ҳисобига таъминланиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитаси Гидрогеология корхоналари геология-қидирув ишларини олиб бориб, ичимлик сув манбаларини асослаб бериш ишларини амалга оширади. Оби-ҳаётни аҳолига етказиш масаласи эса Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизими ва маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилган.

Ер ости сув захиралари миқдори қандай? У юртимиз аҳолисини неча йил давомида оби-ҳаёт билан таъминлашга етади? Ва бошқа бир қатор саволлар билан Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти директори Ботир Абдуллаевга мурожаат қилдик.

– Бугунги кунда аҳолига етказиб берилаётган тоза ичимлик сувининг қарийб 50 фоизи ер ости сувлари захираси ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирда юртимизда 97 та ер ости сув кони ҳамда ер ости сувлари шаклланадиган 19 та қўриқланадиган табиий ҳудуд мавжуд. Гарчи захира кўп бўлса-да, у юртимиз ҳудудларида нотекис тарқалган. Айрим ҳудудларда ер ости сув захираси мўл, ер ости конлари ҳам анчагина. Чўл, қуруқлик зоналарда эса сув кам. Шунинг ҳисобига аҳолининг 30 фоиздан ошиқроғи сифатли ичимлик суви билан у қадар яхши таъминланмаган.

Юртимизнинг аксарият минтақаларида аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2017 - 2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узоқ йилларга мўлжалланган сув таъминоти тизимини модернизациялашда муҳим аҳамият касб этади.

Унга кўра, ер ости сувларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш керак. Айни вақтда вилоятларда хатлов олиб борилди. Афсуски, унинг натижаларида 20 мингтадан ортиқ бурғи экспулатацион қудуқларнинг 60 фоиздан юқорисида фойдаланиш учун керакли ҳужжатлар етишмаслиги қайд этилган. Ер ости сувларидан нотўғри фойдаланишни асосий сабаби норматив ҳужжатларни етишмаслиги ва аҳолини мавжуд сувлардан оқилона фойдаланмаслиги. Бу эса ер ости чучук сувлари захираларини маълум миқдорда камайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Агарда тарихга эътибор қаратадиган бўлсак, охирги 60 йилда ўтказилган гидрогеологик тадқиқотлар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби жуда муҳим вазифани ҳал қилиш имконини берди. 90 – йиллар бошига қадар тадқиқотлар марказлаштирилган қудуқли сув олиш иншоотлари захираларини баҳолаш ва асослашдан иборат эди. Кейинги 10 йилда кичик қишлоқ аҳоли пунктларини сув таъминоти якка тартибдаги сув олиш иншоотлари ва тоғ зоналарида булоқлар ҳисобидан таъминлашга эътибор қаратилмоқда. 
“Ўзкоммунхизмат” агентлигининг маълумотларига кўра яқин келажакда - 2020 йилда аҳолини сув билан таъминлашда ичимлик сувига бўлган эҳтиёж ошиб, 8225.94 минг.м3/сут.га ортади. Бу нафақат хўжалик ичимлик иншоотларини сақлашни, улардан сувни чиқариб олишни кўпайтириш балки чучук ер ости сув конлари ва тўпланган чучук ер ости сувлари ҳудуди ва чегарасида янги участкаларни қидиришни талаб қилади.

– Вазият сиз айтган даражада жиддий бўлса, келгусида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда нималарга эътибор қаратиш зарур бўлади? Агарда ер ости сув захира конларини максимал равишда сақлаш, улардан оқилона фойдаланиш асосида бошқариш, ифлосланаётган участкаларни қисқартириш, истиқболли майдонларда чучук ер ости сув захираларини сунъий ҳосил қилиш ҳамда янги истиқболли участкаларни излаб топиш шарт бўладиган бўлса, гидрогеология соҳасини яқин келажакда қандай вазифалар кутмоқда?

– Гидрогеологик илмий-тадқиқотларининг асосий вазифаларидан бири бу - XXI асрда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни ва бошқаришни йўлга қўйиш, ер ости сувларини ифлосланишига йўл қўймаслик, жадал ифлосланаётган жойларда уни бартараф этиш, истиқболли майдонларда сув захираларини сунъий тўлдиришни йўлга қўйиш, шунингдек ер ости сувлари конлари доираси ва ундан ташқари ҳудудларда қўшимча сув манбаларини топиш.

Олдимизда турган энг муҳим вазифа - барча гидрогеологик корхоналарнинг, айниқса мониторинг ишлари билан шуғулланадиган ҳудудий станцияларни ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш ва замонавий ўлчов приборларини амалиётга татбиқ этиш турибди. Хусусан, гидрогеологик ва мониторинг тадқиқотларини бажаришда гидродинамик ва гидрокимёвий кўрсатгичларни баҳолаш, ҳамда башоратловчи изчил хариталарни тузиш, 3D моделлаш имконини берувчи компьютер дастурлари ва ГИС-технологиялари билан таъминлаш зарур.

Айниқса, техноген босим таъсирини кучайиши ва ер ости сув конларини ҳосил бўлиши шароитини ҳисобга олган холда, ер ости ичимлик суви конларини ҳозирги ҳолатини баҳолаш, янги истиқболли чучук ер ости сувлари участкаларини қидириб топиш жуда муҳим. Биз ер ости сувларидан фойдаланишни янада самарадор турларини -қудуқли ва галереяли қисмини асослаб бериш билан бирга ер ости сув конларига ёмон таъсир кўрсатувчи манбаларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш жараёнини ўрганиш ва уни йўқ қилиш, камайтириш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳаракатидамиз.

– Юртимизда минерал хом-ашё базаси, санаториялар тизими, профилактория ва даволаш масканларини кенгайтириш мақсадида минерал сувлардан фойдаланиш жараёни қандай кечмоқда?

– Минерал сувларда фойдаланишни кенгайтириш мақсадида турли вилоятларда ўзига хос витаминлар билан бойиган сувларни қидириш ишлари олиб борилмоқда, – дейди директор. – Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасида темир-бромли, Навоий вилоятида органикага эга, специфик компонентларга эга бўлмаган рассоллар, Бухорода темирли, олтингугуртли, бромли, Қашқадарёда кремнийли, йодли, борли, органикали, олтингугуртли, бромли, Сурхондарёда йод-борли, Тошкентда бромли, Наманган ва Фарғона вилоятларида йодли минерал сувларини қидириш илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш ниятидамиз.

Қайд этиш жоизки, катта шаҳар ва туман марказлари, кўплаб қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти ер ости сувлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сирдарё вилояти шулар жумласидандир.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра кейинги вақтда фойдаланувчиларга сувни тежашнинг ҳам анъанавий, ҳам инновацион технологиялари ҳақида маълумотлар бериш учун “ТОМЧИ” мобил иловаси яратилган. Унда сувдан оқилона ва унумли фойдаланиш ҳақида кўплаб маълумотларни билиб олиш мумкин.

2 769
Сайёра Шоева, ЎзА