ЎзА Ўзбек

26.03.2018 17:50 Чоп этиш версияси

Эр хорижда, аёл томорқадан фойдаланиш имконига эга бўлмаса…

Эр хорижда, аёл томорқадан фойдаланиш имконига эга бўлмаса…
“ТОМОРҚАГА ЭКИН ЭКИШ” ОЙЛИГИ 

ЎзА мухбирига «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан маълум қилишларича, ҳудудларда аҳоли томорқасини хатловини ўтказиш мақсадида 4 миллион 733 минг 326 та хонадон рўйхатдан ўтказилди. Бу жараёнда ҳар бир оила қўлидаги ер майдонининг ҳажми, нима экилгани, агарда бўш турган бўлса, келгусида бу ердан қандай фойдаланмоқчи экани ўрганилди.

Унга кўра, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер майдонларида экилган 73.4 минг гектар тўқсонбости экинидан юқори ҳосил олиш, экин майдонларининг 184.6 минг гектарига эртачи ва 185.8 минг гектарига ўртапишар экинларни экиш таъминланди. Шунингдек, аҳоли талаби асосида 1 миллион 333 минг 738 бош чорва, 3 миллион 216 минг бош парранда боқиш, 3 минг 721 гектарда ихчам иссиқхоналар барпо этиш юзасидан таклифлар олинди.

Давергеодезкадастр қўмитаси бу таклифлар асосида мавжуд хонадонлар бўйича маълумотномаларни расмийлаштирди. Ҳудудий ишчи гуруҳлар аҳолининг истагини ўрганиб, маҳсулот етиштириш ва унинг ишлатилиши, иссиқхоналар барпо этиш, чорва, парранда, асалари, балиқ боқиш бўйича талабларини ҳам ўрганди.

Қайд этиш керакки, шу пайтгача аҳоли томорқасидан фойдаланишни тартибга солиш, ҳисоб-китобини юритишга эътибор қаратилмаган. Шундан бўлса керак, фуқаролар йиғинлари вакиллари маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб борганига қарамасдан томорқа соҳиблари ўз ер майдонларидан тўлақонли фойдаланишга эътибор бермаган. Эндиликда маҳалла вакиллари ҳудуддаги ҳар бир хонадонга кириб бориш ва ердан қай даражада самарали фойдаланилаётганини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Эндиликда маҳаллаларни ихтисослаштириш ҳам кўзда тутилмоқда. Мисол учун, бир маҳалладаги 100 хонадон пиёз, яна 200 хонадон эгаси картошка экишни йўлга қўйиши мумкин.

Ана шунда шахсий томорқасига экин эккан фуқаронинг уйидан ҳосилни марказлаштирилган ҳолда олиб кетиб, пулини пластик карточкасига ўтказиш янада осонлашади.

Энг қизиқ жиҳати, агар ери бўлсаю, эр хорижда ишлагани кетган ёш аёл томорқадан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаса, бу ерни ишлата оладиган қўшнига ижарага бериш чораси ҳам кўрилиши мумкин. Агар бу тизим кенг йўлга қўйилса, одамларда томорқаларидан фойдаланишда манфаатдорликлари ошади, уларга деҳқончилик қилишларига тўртки бўлади.

Сайёра Шоева, ЎзА
14 464