Эпидемиологик вазиятни ўнглаш учун давлат идоралари, жамият институтлари ва аҳоли бирлиги зарур
Хабарингиз бор, Республика махсус комиссияси қарори билан амалдаги карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилди.
Хабарингиз бор, Республика махсус комиссияси қарори билан амалдаги карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, мамлакатда эпидемиологик вазиятни ўнглаш зарурати давлат идоралари, жамият институтлари ва аҳоли олдига муҳим вазифалар қўймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Шафоат НУРУЛЛАЕВА билан суҳбатимиз ана шу мавзу доирасида бўлди.
– Карантин муддатининг узайтирилиши ҳудудларда эпидемиологик вазиятни мустаҳкамлаш ҳамон долзарб бўлиб қолаётгани ва бу борада нафақат давлат, балки жамиятимизнинг ҳам барча имкониятларини кенг ишга туширишни, шунингдек, муаммони енгиб ўтиш учун кучларни бирлаштириш лозимлигини англатади, – дейди Ш.Нуруллаева. – Мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият бевосита давлатимиз раҳбари томонидан назоратга олинган бўлиб, ҳар бир йиғилишда бу масалага эътибор қаратилмоқда, аниқ вазифалар белгилаб олинмоқда, чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Муаммони енгиш борасида бу жуда муҳим ёндашув бўлиб, амалда ҳеч бир фуқаро бундай кўринмас ёв олдида ёлғиз эмаслиги, аксинча, давлат ҳимоясида эканлигидан далолат.
Кутилмаганда пайдо бўлган ушбу пандемия барча мамлакатларни саросимага солгани, ундан даво имкониятлари ҳалигача яратилмагани боис, кўплаб давлатлар ҳамон ўзларини ўнглаб ололмаётгани бор гап. Айрим мамлакатларда инфекция яна кучаяётгани кузатилмоқда. Бугунги кунга келиб дунё бўйича ушбу касалликдан зарарланганлар сони 16 миллион кишидан ошиб кетди. Кунлик ўсиш 275 мингдан ортиқ кишини ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг 1 апрелида 925 минг кишини ташкил этган бўлса, май ойи бошида уларнинг сони 3,3 миллион кишига етди. Дунё бўйича бугунги кунгача ўсиш 1 апрелга нисбатан 16 баробарни, май ойи бошига нисбатан, яъни кўпгина мамлакатларда карантин чоралари юмшатилганидан сўнг 6 баробарни ташкил қилмоқда.
Мутахассислар дунёда бундай эпидемиологик ҳолатнинг кучайиши айнан карантин чораларининг юмшатилиши, айрим мамлакатларда уларнинг бекор қилиниши ва, айниқса, ушбу шароитда кўплаб одамларнинг санитария-эпидемиологик ва ижтимоий қоидаларга риоя қилмай қўйгани сабаб бўлаётганини таъкидлашмоқда.
Мамлакатимизда 16 май ҳолатига, яъни қатъий карантин чоралари енгиллаштирилган кунга қадар коронавирус инфекциясидан зарарланганлар сони 2 минг 738 кишини ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб касалланганлар сони 7 баробарга кўпайди. Бундай вазият юзага келишига қатъий карантин чоралари енгиллаштирилганидан кейин айрим корхоналар ва аҳоли орасида сақланиб қолинган карантин талабларига, гигиена қоидаларига риоя этмаслик асосий сабаблардан бўлди, дейиш мумкин. Шу боис, инфекция тарқалишини жиловлашда энг асосий вазифа тегишли карантин чораларининг барча томонидан қатъий қўлланилишидир.
– Дарҳақиқат, "COVID-19" билан касалланганлар сонининг ортишига карантин чораларининг юмшатилиши шароитида аҳоли орасида сақлаб қолиниши шарт қилиб белгиланган айрим гигиеник ва ижтимоий талабларга қатъий риоя қилмаганлик ҳолатлари асосий сабаб қилиб кўрсатилди. Яна қандай омиллар касалликнинг авж олишига сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
– Бундай кўпсонли одамлар касалланиши билан боғлиқ вазиятга таъсир қилиши мумкин бўлган барча омиллар ягона тизим доирасида, ўзаро боғлиқ ҳолда ҳаракатланиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Хусусан, пандемик вазиятни барқарорлаштиришнинг натижадорлиги самарали бошқарув тизими, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасининг мустаҳкамлиги, беморларни даволаш учун яратилаётган шароитлар, шунингдек, мамлакат иқтисодиётидаги вазият билан бир қаторда аҳолининг тиббий маданияти, унинг пандемия шароити талаб қиладиган қоидаларга тўлиқ ва қатъий риоя қилишига ҳам боғлиқ, десак тўғри бўлади.
Шу маънода айтиш лозимки, май-июнь ойларида қатъий карантин чоралари анчагина енгиллаштирилганлиги, айрим корхоналар ва аҳоли орасида «бошқача» қабул қилинди. Жамиятда, гарчи ҳар кун оммавий ахборот воситалари, тиббиёт ходимлари томонидан пандемиянинг оғир оқибатлари тўғрисидаги огоҳлантиришлар ҳамда карантиннинг сақлаб қолинган айрим муҳим талабларига риоя қилиш зарурлиги ҳақидаги чақирувларга қарамасдан, «карантин бекор бўлди, энди олдинги ҳаёт тарзига қайтамиз», деган тушунча ва хатти-ҳаракатлар кучайгани кузатилди.
Масалан, мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига жойларда ва пойтахтимизда беписандлик билан қаралиб, уларга риоя этмасдан тўйлар ўтказиш, бунинг натижасида юзлаб кишилар коронавирус инфекциясини юқтиргани тўғрисида хабарлар кўп тарқалди. Бу эса, ушбу касалликнинг вакцинаси ва даво дориси ҳали топилмаган шароитда мамлакатимизда эпидемиологик вазиятнинг жиддийлашуви сабабларидан бири бўлди.
Шундай сабаблардан яна бири, умумий овқатланиш объектларининг аксариятида тартиб-қоидаларга риоя қилинмаганидир. Белгиланганидек, 4 кишидан ортиқ бўлмаган ҳолда мижозларга хизмат кўрсатиш ўрнига 10 ва ундан ортиқ кишилар иштирокида туғилган кун ва зиёфатлар ўтказиш ҳолатлари кузатилди.
Жамоат транспортларида ўрнатилган карантин қоидаларига риоя этилмаганлик ҳам (хусусан, автоулов салонларида йўловчилар сонининг кўп бўлишига йўл қўйиш) ушбу касаллик билан зарарланганлар сони ортишига сабаб бўлди, дейиш мумкин.
Бундан ташқари, деҳқон ва кийим-кечак бозорларида белгиланган карантин қоидаларининг бузилиши, тана ҳарорати юқори бўлатуриб бозор ҳудудига савдогар ва харидорлар киришига рухсат берилиши, бозорлар ҳудудида ниқобсиз ёки номигагина ниқоб тақиб юриш ҳолатларининг бозор маъмуриятлари томонидан етарли даражада назорат қилинмаганлиги ҳам салбий оқибатларга – аҳоли орасида коронавирусдан зарарланиш ортишига таъсир қилди.
Яна бир ташвишли ҳолат ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, айримлар тиббиёт ниқобларини ўз соғлиғини ўйлаб эмас, балки «талаб этилаётгани учун»гина тақишаётганлари кўзга ташланмоқда. Ниқобларни бир неча кунлаб алмаштирмасдан тақиб юришни одат қилганлар ҳам йўқ эмас. Бу антисанитария ҳолатининг ёмонлашувига сабаб бўлиши мумкинлигини мутахассислар тасдиқлашмоқда. Бугунги кунда ниқобларни аптекалардан сотиб олиш анча бемалол бўлиб қолганини, қолаверса, бир парча матодан уй шароитида ҳам шундай ниқобларнинг бир нечтасини тикиб олиш, уни ювиб, дазмоллаб ишлатиш мумкинлигини инобатга олиб, бу борадаги тушунтириш ишларини кучайтириш лозим деб ўйлайман.
– Президентимиз таъкидлаганидек, биз пандемия шароитида яшашга ўрганишимиз лозим. Узоқ муддат карантин жорий қилиш имконсиз. Карантин юмшатилган тақдирда эса, касалликдан зарарланишнинг ҳар кунлик сони бир неча баробарга ошиши мумкин. Бундай вазиятга биз тайёрмизми? Минглаб аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкони етарлими, ўлим ҳолатлари кескин ошиб кетмайдими?
– Карантин муддатининг 15 августгача узайтирилишининг сабаби ҳам шунда. Мамлакатимизда бугунги кунга келиб эпидемологик ҳолат ўнгланмоқда, тез тиббий ёрдам фаолияти нормаллаштирилмоқда, касалланганлар учун қўшимча жойлар яратилмоқда. Шуни инобатга олиш керакки, давлатимиз ҳозиргидек пандемик вазият билан биринчи марта тўқнаш келмоқда. Биз жараён давомида билимларимизни ошириб, камчиликларимизни тўғрилаб бормоқдамиз. Ҳозирги ўрнатилган чекловлар етарли даражада енгил характерга эга бўлиб, уларни апрелдаги чекловлар билан таққослаб бўлмайди.
Карантин чоралари асосан хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш соҳаларига тегишли бўлиб, улар одамлар кўп тўпланадиган тармоқлар ҳисобланади. Иқтисодиёт тармоқлари фаолияти давом этмоқда. Иқтисодий фаолликнинг кескин пасайишини кутиш керак эмас. Aксинча, фаолияти тўхтаб қолган корхоналарнинг 70 фоизини шу йилнинг сентябрь ойида, йил охиригача эса қолган барчасининг фаолиятини тиклаш режалаштирилмоқда. Эпидемиологик вазиятнинг яқин келгусида барқарорлашуви карантин чекловларини енгиллаштиришга имкон беради. Вазиятнинг барқарорлашувидан келиб чиқиб, чекловлар таъсир қилган корхоналар фаолияти тикланиши учун ёрдам кўрсатилиши назарда тутилмоқда. Ҳокимларга иқтисодий фаолликни рағбатлантириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича аниқ ва тушунарли топшириқлар берилган. Шу билан бирга аҳолининг саломатлигини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий фаровонлигини таъминлаш ўртасида самарали мувозанатни шакллантириш давлатимизнинг асосий мақсади бўлиб қолмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қатъий карантин чораларининг қайта жорий этилиши касаллик юқиши ҳолатларини жиддий камайтириш, яъни унинг «занжирини узиш» орқали коронавирус инфекциясидан зарарланган, оғир аҳволдаги беморларга эътиборни кучайтириб, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш имконини беради. Шу боис, барчамиз карантин талаблари, санитария-гигиеник ҳамда ижтимоий қоидаларга қатъий риоя қилишимиз, шифокорлар маслаҳатларига таяниб, ушбу кўринмас ёвни биргаликда енга олишимизга ишонишимиз лозим.