ЎзА Ўзбек

01.05.2018 17:21 Чоп этиш версияси

Енгилмас ироданинг муносиб рағбати

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони бугунги тинч-осойишта кунлар учун қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимизни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов Нурота туманида яшовчи бир гуруҳ фахрийларнинг уйларида бўлиб, уларга Президент совғаси – 5 миллион сўмлик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди. Жумладан, Нурота туманидаги “Эшони Судур”, “Истиқбол”, “Деҳибаланд”, “Шайхон” ва Ғафур Ғулом номидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи фахрийлар билан учрашди.

Туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган учрашувларда оркестр уруш йиллари руҳига мос куй-қўшиқлар ижро этди. Ёшлар фахрийларга алвон гуллар тақдим қилди.

– Шундай кунларга етказгани учун парвардигоримга беҳисоб шукр, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ж.Калонов. – Президентимизнинг биз, фахрийларга кўрсатаётган эътиборидан мамнунмиз. Ҳар тонг қўлимизни дуога очиб, халқимизга тинчлик, омонлик тилаймиз. Илоҳим, юртимиздан қут-барака, фаровонлик аримасин. Ёшларимизнинг келажаги янада порлоқ бўлсин.

Бугунги кунда вилоятда 51 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси истиқомат қилмоқда. Уларнинг ҳар бирига Президент совғаси уйма-уй юриб тарқатилмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
7 994