ЎзА Ўзбек

15.12.2017 18:48 Чоп этиш версияси

Энг яхши мураббий маошига 20 фоиз устама олади

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри ва Денов туманида Президентимизнинг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, барча соҳавий хизматлар такомиллаштирилиб, ташкилий тузилмаси янгиланди. Янги лавозимлар, хусусан, ички ишлар идораларида ёшлар бўйича ўринбосар лавозими жорий этилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга, доимо халқ ичида юриб, жиноятчиликнинг олдини олишга эътибор кучайтирилди. Ички ишлар идоралари мансабдор шахсларининг маҳаллий Кенгашлар депутатларига, профилактика инспекторларининг ўзи хизмат қилаётган ҳудуд аҳолисига ҳисобот бериши йўлга қўйилди.

Соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш, уй-жой ва имтиёзли кредит асосида шахсий автомашина билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ички ишлар идораларини ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомда ходимни шахсий хусусиятлари ва маҳоратига қараб лавозимга тайинлаш аниқ белгилаб қўйилган. Устоз-шогирд анъанасига алоҳида аҳамият қаратилиб, энг яхши мураббийларга амалдаги маошининг 20 фоизи миқдорида ойлик устама белгиланган.

Низомда ички ишлар органлари ходимларининг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари сиртқи бўлимида ўқиши ҳамда узлуксиз хизмат қилаётган офицерларнинг лавозим унвонини ошириш бўйича аниқ муддатлар белгилаб берилган. Нафақага чиқишида ҳам ходимларни рағбатлантиришга қаратилган янги тартиб ўрнатилган.

Тадбирларда хизмат бурчини шараф билан ўтаётган бир гуруҳ ёш сафдор ва сержантларнинг ота-оналарига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ташаккурномаси топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
6 625