ЎзА Ўзбек

10.08.2018 21:07 Чоп этиш версияси

Энг яхши ижодкорлар эътиборда

Энг яхши ижодкорлар эътиборда Самарқандда “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган танлов миллий истиқлолимизнинг моҳияти ва аҳамияти, жамиятимизда, одамлар онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни ўз асарларида ифода этаётган фаол шоир-ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, тасвирий санъат намояндаларини аниқлаш ва рағбатлантиришга қаратилган.

Бу йилги танлов “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилмоқда. Танловнинг вилоят босқичида 250 дан ортиқ ижодий ишлар тақдим этилди.

6 (2).JPG

Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинациясида Яхшигул Хидирова, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари йўналишида “Самаркандский вестник” газетаси мухбири Ёрмамат Рустамов, телевидение ва радио ижодкорларининг энг сара материаллари йўналишида вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири Дилдора Бойниёзова, тасвирий санъат, фото асарлар ва дизайн ишлари номинациясида рассом Ольга Давиденко ғолиб, деб топилди.

– “Энг улуғ, энг азиз” танлови Ватанимиз мустақиллигига бағишлангани билан ҳам ғоят қадрлидир, – дейди танловнинг учинчи ўрин соҳиби, “Каттақўрғон тонги” газетаси ходими Ж.Носиров. – Шундай нуфузли танловда ғолиблар қаторидан ўрин олганимдан фахрланаман. Бу рағбатдан руҳланиб, газетамизда Ватанимиз истиқлолининг тарихий аҳамияти, давлатимиз ва халқимиз ҳаётидаги ўрни ҳақида янада кўпроқ, долзарб мақолалар ёзишга ҳаракат қиламан.

Танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
6 384