ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

Энг яхши инновацион лойиҳалар

Энг яхши инновацион лойиҳалар

Фарғона политехника институти талабаси Диёра Бахтиёрова иқтидорли ёшлардан бири. Беруний номидаги стипендия совриндори бўлган бу қиз томчилатиб суғориш ва сувдан самарали фойдаланишда аквапоника ва гидропоника усулларини такомиллаштириш бўйича изланиш олиб бормоқда.

– Ҳозирга қадар Интеллектуал мулк агентлиги томонидан 2 та лойиҳамиз рўйхатга олиниб, муаллифлик гувоҳномасини олдик, – дейди Д. Бахтиёрова. – Юртимизда сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шунинг учун бугунги кунда томчилатиб суғоришнинг янги технологияларини жорий этиш кун тартибида турибди. Айниқса, вилоятимизда ҳам бундай илғор технологияларни кенг татбиқ этиш керак. Изланишларимда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратмоқдаман.

c2fe4b04-2ccf-46a6-9ef3-d4573a0b2997.jpg

Диёра мазкур лойиҳасини Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ихтирочи аёллари маркази томонидан ўтказилаётган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” республика танловининг Фарғона вилояти босқичига тақдим этди. Анъанавий ўтказилаётган мазкур танлов турли соҳаларда фаолият юритиб, истиқболли ғояларини ҳаётга татбиқ қилишга интилаётган фаол хотин-қизларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

16d0cd20-5aa3-4896-bf15-105656da009a.jpg

Танловнинг Фарғона вилояти босқичида ўттиздан зиёд хотин-қизлар ўз ихтиролари, инновацион ғоя, технология ва лойиҳалари билан иштирок этди. Экспертлар кенгаши томонидан ҳар бир тақдим этилган иш кўриб чиқилиб, энг муносиблари сараланди. “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Энг иқтидорли қизнинг инновацион ғояси”, “Энг яхши бизнес лойиҳа” каби номинацияларда ғолиблар аниқланиб, республика босқичида иштирок этадиган бўлди.

2 017
М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА