ЎзА Ўзбек

26.11.2018 10:58:58 Чоп этиш версияси

Энг яхши илмий-ижодий ишлар сараланди

Гулистон шаҳрида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ҳозиргача ушбу мукофотга сазовор бўлган 20 нафар сирдарёлик қиз жамоатчилик, фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан мазкур мукофот ҳар бир вилоятдан 2 нафардан қизга берилиши жорий этилгани танлов нуфузини ҳам, иштирокчилар сони ва уларга қўйиладиган талаблар сифатини ҳам оширди.

– Танлов қизларнинг илмий изланишлари, таълимдаги муваффақиятлари, мамлакат ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида эришган ютуқларининг ўзига хос тақдимотидир, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Зебо Ҳайдарова. – Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида иштирок этган 3 мингдан ортиқ истеъдодлар орасидан ғолиб бўлган 74 қиз бугун жамоатчилик, адабиёт, фан, таълим, санъат, маданият ва спорт йўналишларида ўз маҳоратини яна бир бор синовдан ўтказди. Ўз йўналишлари бўйича энг яхши натижага эришган 14 нафар қиз ғолиб топилди ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашишга тавсия этилди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.