Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2018 18:35 Чоп этиш версияси

Энг яхши дори

Дорихоналардаги нарх кўзингизни "ўйнатиб" турган бир пайтда мақолага танланган сарлавҳадан ажабланаётгандирсиз. Бинобарин, гап қаёққа кетаётганини англашингиз билан ундан дарров юз ўгирманг. Матнни охиригача сабр билан ўқисангиз, анчадан буён қидираётган дорингизни топишингизга ишончим комил. Фақат уни ишонч билан ўқисангиз бас.

Ҳеч кимга сир эмас, тиббиёт ривожлангани сари касалликлар тури ҳам кўпайиб бораётир. Бу ўз-ўзидан дорилар тури кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Аммо минглаб дорилар ичида қайси бири энг яхшиси бўлиши мумкин? Табиийки, тиши оғриб азоб бераётган киши учун оғриқ қолдирувчи доридан бошқаси бекор. Ёки ошқозони безовта қилаётган бемор учун ҳам шундай – ошқозонга шифо бўладигани энг маъқули. Халқимиз "одамнинг қаери оғриса, жони ўша ерда" деб бежиз айтмаган. Хуллас, бир дори иккинчисининг ўрнини босолмайди. Энг яхши дори эса ҳаммасининг ўрнида қўллана оладиган бўлиши керак.

Одамзот қадим замонлардан бери мана шундай ҳаммабоп дорини қидиради. Маълум маънода, бундай дори топилган ҳам. Не бахтки, у ҳақдаги дастлабки фикрларни бизнинг аждодларимиз, хусусан, жаҳон тиббиётининг асосчиси Абу Али ибн Сино илгари сурган экан. Буюк табибнинг фикрича, дори-дармон бемор учун фойдали, албатта, аммо сўзнинг ўрни барибир бўлакча. Чунки, сўз – мўъжиза.

Қизиқ, баъзан ҳар қандай дори-дармону, замонавий медицина ожиз қолганда, ана шу бир оғиз сўз беморга бемисл руҳий далда, жисмоний қувват бағишлайди! Чунки сўз хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, аввало, бош мияга таъсир қилади. Бош мия эса организмдаги бутун жараённи бошқаради ва назорат қилиб туради. Ёмон сўздан одамнинг афт-ангори ўзгаради, ранги ўчади, қўл-оёғи титрайди, оғзи қақрайди, кўзи тинади, қулоғига сўз кирмайди, нафас олиш ва юрак уриши тезлашади. Бунинг устига мувозанати бузилган организмнинг ҳимоя воситалари ҳам заифлашади. Шундай чоғда киши ўзини босиб олмаса, ёмон касалликка йўлиқиши, ҳатто ножўя ҳаракат содир этиши ҳам мумкин. Айниқса, хунук сўз шифокорнинг оғзидан чиқса, бундан ортиқ фожиа йўқ.

Ривоят қилишларича, бир куни Луқмони Ҳаким кўчада кетаётса, олдинда бораётган бир қиз дам-бадам қон тупирармиш. Ҳаким қорама-қора бораверибди. Қиз уйига кириб кетгач, дарвозани тақиллатибди. Бир мўйсафид чиқиб, табибни танибди ва уйга таклиф этибди. Гап орасида Луқмони Ҳаким “қизингиз бедаво дардга учраган, афсуски, муолажанинг иложи йўқ”, дебди. Унинг бу сўзларини эшик ортида эшитиб турган ҳалиги қизнинг юраги бирдан дук-дук уриб, қалтираб йиқилибди ва ҳушидан кетибди. Хуллас, шу бир оғиз сўз оқибатида қиз руҳий дардга гирифтор бўлиб, оламдан ўтибди.

...Кунларнинг бирида қизнинг отаси Луқмони Ҳакимни учратиб қолиб, дебди:

– Тақсир, қизим бедаво дардга чалинганини қандай билиб эдингиз?

– Қизингиз кўчада келатуриб, бот-бот қон туфлаганини кўрган эдим, – жавоб берибди Луқмони Ҳаким.

Буни эшитган чол ўз пешонасига урибди. Кейин сал ўзига келгач:

– Э, аттанг, қизим ўша куни шотут еб эди, сиз кўрган туфук шотут шарбати-ку! Эй аттанг!.. – дебди.

Шунда Луқмони Ҳаким чол олдида тиз чўкиб, узр сўрабди:

– Сиз менга ва биздан сўнгги авлодларга унутилмас сабоқ бердингиз. Бир сўз билан соппа-соғ одамни ўлдириш ёки беморни оёққа турғизиб юбориш мумкин экан! “Дардни билмасанг, яхшиси беморни тинч қўй” деганлари бежиз эмас экан...

Бундай воқеалар, афсуски, бизнинг кунларда ҳам учраб турибди. Яқинда бир шифохонада қуйидаги суҳбат қулоғимга чалиниб қолди: “Бир беморни билардим. Унча-мунча дардни писанд қилмасди, – дея сўзларди беморлардан бири. – Ҳар қандай операцияга “ғинг” демай чидаган. Унинг бирор марта нолиганини ҳеч қачон эшитмаганмиз. Доим кулиб турарди. Бир куни ўша беморни кўриб қолдим. Ранги сўлиб, ўзини буткул олдириб қўйибди. Ҳайрон бўлиб ҳамширалардан сўрадим: “Операциядан яхши чиқди, дейишганди. Нима, ёлғонмиди?”. “Йўқ, – дейишди қизлар. – Операциядан кейин анча яхши бўлиб қолганди. Шифокорлардан бири унинг аҳволи бироз ёмонлашганда "сизнинг организмингиз бундай операцияни кўтармасди, нима қилардингиз жонингизни қийнаб, бунинг устига ёшингиз ҳам бир жойга бориб қолган бўлса”, дебди. Ўша кундан бери бошқача бўлиб қолди”.

Бу гапни эшитиб ғалати бўлиб кетдим. Демак, ўша шифокор бемеҳр, қаҳри қаттиқ инсон. Ундан ҳеч қачон яхши шифокор чиқмайди.

Ҳа, яхши шифокор бўлиш осон эмас. Бунинг учун яхши мутахассис бўлишнинг ўзи камлик қилади. Шифонинг таъсирчанлиги, энг аввало, шифокорнинг одамийлигига, бемор қалбига йўл топа билишига боғлиқ. Зеро, ҳар қандай муолажа асосида шифокор ва бемор ўртасидаги ишонч ётади. Акс ҳолда, муолажа бесамар кетади. Шунинг учун ҳам машҳур психотерапевт Анатолий Кашпировский журналистлар билан учрашувда ўзида сеҳргарлик қобилияти йўқлиги, лекин кўп йиллик шифокорлик фаолиятида инсон учун энг яхши дори сўз эканини тушунганини таъкидлаб, шундай деганди: “Мен эришган натижаларга эришмоқ учун албатта шунга яраша қобилиятга эга бўлиш керак. Мисол учун, ўзаро мулоқотга тез кириша оладиган бўлиш лозим. Токи кишилар ўзида Сиз билан суҳбатлашишга эҳтиёж сезсин, сизга ишонсин. Шунинг учун ҳам сўз қудрати орқали бемор онгига таъсир этиб, унинг умумаҳволини, дардини енгиллаштириш ёки бутунлай соғайтириб юбориш жараёни психотерапия йўли билан даволаш деб аталади”.

Тиббиётда сўз кучи доимо жуда катта аҳамият касб этганини рус тилидаги “врач” сўзининг келиб чиқиш тарихида ҳам кўриш мумкин. Унинг илдизлари XI асрдаги “врать” сўзига бориб тақалади. У вақтлар бу сўз "ёлғон" эмас, балки умуман гапириш, яъни хасталикни сўз кучи билан енгишни англатган.

“...Бемор учун дори-дармондан ҳам аввал ширин сўз керак экан. Биз бунга минг карра амин бўлдик. Сиз танамизга малҳам бўлиб, қалбимизга “Хафа бўлманг, соғайиб кетасиз. Касалингиз эсингиздан ҳам чиқиб кетади”, дея таскин бера олдингиз. Биз сизни унутолмаймиз...”.

Бу сўзлар тўқима эмас, беморлар шифохона дафтарига ёзиб қолдирган миннатдор қалблар изҳори.

Таассуфлар бўлсинки, беморнинг руҳий аҳволини ўрганиш, қалбига йўл топиш, унга руҳий таъсир этиш ўрнига турли ҳужжатларни бемор қалбидан устун қўяётган, қўпол сўзлари билан биллур кўнгилларни бир умрга яралаётган бюрократ ва дилозор “врач”лар ҳам йўқ эмас.

Кўп йиллар ўтган бўлса-да, бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўшанда сариқ касали билан оғриган жияним ва уни олиб ётган бувим ҳолидан хабар олиш учун Риштонда қўшимча равишда ташкил этилган дала шифохонасига борганимда бувимнинг кўзларида жиққа ёш кўриб, қандай ҳолатга тушганимни таърифлаш қийин. Қўпол сўзлари билан кекса бувимнинг кўзларини ёшлаган “врач”ни ўша куни шифохонадан қидириб тополмадик. Бу кимсанинг дилозорлигидан яна кўп беморлар зорланган эди ўшанда. Олий маълумотли бундай “врач”лар 6-7 йиллик ўқиш жараёнида “Агар врач суҳбатидан кейин бемор енгил тортмаса, у врач эмас” қабилидаги шифокорлар учун энг зарур гапларни наҳотки эшитмаган бўлса?

Баъзан шифохона остонасига қадам қўйишингиз билан, назоратчи ҳамширанинг қўпол муомаласига дуч келасиз: – Халат чиқсин, кейин кирасиз! – дейди у илк бор дуч келаётган кишиси билан саломлашишни ҳам унутиб.

Бегона остонада ноилож халат чиқишини кутиб ўтирасиз. Ниҳоят, турли-туман елкаларга илинаверганиданми ё ҳафталаб ювилмаганиданми, оқлиги ҳам билиб бўлмас даражага келиб қолган “инфекция қўриқчиси”ни елкангизга илиб, бемор ҳузурида бироз ўтирасизу шошилинч чиқиб кетасиз. Чунки халатни яна биров кутяпти-да. Айниқса, туғруқхоналардаги йўқловлар жуда ўзига хос. Умуман, бизда беморлардан ҳол-аҳвол сўраш тартибини ҳам ўйлаб кўриш керакка ўхшайди.

Кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, шифокорлар тайёрлайдиган ўрта ва олий ўқув юртларида дарслар энди ўзбек тилида олиб борилаётганига қарамай, шифокорларнинг ўзбек тилини, айниқса, муомала маданиятини яхши билмаслиги ачинарли ҳолдир. Касаллик варақасини ўз она тилида – ўзбек тилида тўлдира олмайдиган шифокордан қандай ширин муомала кутиш мумкин?!

Дарвоқе, суҳбатимиз муқаддимасида муштарийларимизга энг яхши дорини топишда кўмаклашишни ваъда берган эдик. Аммо биз уларга яхши сўздан бошқа ҳеч нарса тавсия қила олмаймиз. Зеро, улуғ бобокалонимиз Абу Али ибн Сино таъкидлаганидек, шундай хасталар бўладики, уларни фақат сўз билан даволамоқ зарур.

Сиддиқжон Мўминов,
Фарғона давлат университети профессори,
филология фанлари доктори.

ЎзА
2 894