Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 17:21 Чоп этиш версияси

Энг яхши бошланғич ташкилотлар аниқланди

Андижонда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўртасида ўтказилган "Энг намунали бошланғич ташкилот" кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.

Соҳа мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар, ижтимоий шериклар, иш берувчилар ҳамда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, кўнгилли дам олишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу борадаги ишларни ташкил этиш ва юқори босқичга кўтаришда касаба уюшмалари ташкилотлари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Вилоятда 554 мингга яқин фуқаро тармоқ касаба уюшмалари тизимларидаги 3 минг 626 бошланғич ташкилот сафига бирлашган, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Қ.Парпиев. – Касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда бошланғич ташкилотлар ва уларнинг қуйи тизимлари томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига қарийб 633 миллион сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. 59 ёш оилага буюм харид қилиш, уй-жой қуриш учун тегишли маблағ ажратилди. Кам таъминланган ёки боқувчисини йўқотган оилаларнинг 872 нафар фарзандига ўқув қуроллари харид қилиш учун маблағ ажратилиб, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 34 талабанинг шартнома пуллари қисман тўлаб берилди.

Касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари фаоллигини ошириш, уларнинг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаати ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, корхона-ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган бошланғич ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур танловнинг туман, шаҳар босқичларида 2 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшмалари ташкилоти қатнашди. Улар орасидан саралаб олинган 188 бошланғич ташкилот вилоят босқичида ғолиблик учун баҳслашди.

Танловда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш, ташкилий масалалар, тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини ошириш, бошланғич ташкилотларнинг ижтимоий масалаларни ҳал этишда эришган натижалари, ходимлар учун яратилган шароитлар, касаба уюшма ташкилотининг янги иш ўринлари ташкил этишдаги иштироки, жамоа шартномасини тузиш ва ижросини таъминлашдаги кўрсаткичи, шунингдек, аъзоларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, маънавиятини юксалтириш борасида олиб бораётган ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Агросаноат мажмуи, таълим, фан ва маданият, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари, давлат муассасалари ва жамоат хизмати, металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари, соғлиқни сақлаш, транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмалари тармоғи бўйича ўтказилган танловларда фаолияти энг намунали деб топилган 100 дан зиёд бошланғич ташкилот диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир доирасида ғолибликни қўлга киритган бошланғич ташкилотлар фаолиятига оид иш ҳужжатлари ҳамда фотосуратлар кўргазмаси ташкил қилинди. Бадиий дастур намойиш этилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
5 283






Все о погоде - Pogoda.uz