ЎзА Ўзбек

28.08.2018 21:03 Чоп этиш версияси

Энг яхши анъана ва инновациялар намойиши

Энг яхши анъана ва инновациялар намойиши Жорий йилнинг 5-7 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуида «UzTextile Expo 2018» биринчи текстиль ва мода саноати ва “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2018” ўн иккинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмалари бўлиб ўтади.

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида ташкил этилган матбуот анжумани ушбу халқаро кўргазмаларнинг ўтказилиши ва аҳамиятига бағишланди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бошқаруви кенгаши аъзоси Ж.Рустамбеков, “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Н.Ҳасанова ва бошқалар мамлакатимиз тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор шу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариб, бунда тизимга энг янги технологияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга кенг имкониятлар очилаётганини таъкидлади.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тизимидаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги ҳамда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур кўргазмалар тўқимачилик соҳасидаги ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини, яъни ип толаларидан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни ўз ичига қамраб олган.

«UzTextile Expo 2018» биринчи текстиль ва мода саноати халқаро кўргазмасида Ўзбекистон, Беларусь, Латвия, Тожикистон, Туркия, Хитой, Швейцария, Ҳиндистон давлатларидан 103 компания ва фирмаларнинг иштироки кутилмоқда. Жумладан, унда мамлакатимиздаги тўқимачилик жиҳозлари, тикув-трикотаж маҳсулотлари, экологик тоза хомашёдан эркак, аёл ва болалар кийимларини ишлаб чиқариш, хомашё етиштиришга ихтисослашган 70 га яқин етакчи, кичик ва ўрта бизнес вакиллари хорижлик ҳамкорларга ўз салоҳияти ва тажрибаларини намойиш этиш имконига эга бўлади.

Мамлакатимизда 2017 йил бошида 293 та экспортчи корхона мавжуд бўлган бўлса, йил охирида уларнинг сони 350 тага етди. Хорижий давлатларда ташкил этилган 64 та савдо уйи фаолияти туфайли юртимизнинг экспорт кўрсаткичлари сезиларли даражада ортгани эътиборлидир.

– «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тизимидаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги ҳамда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ўртасида янги «UzTextile Expo» кўргазмалар лойиҳасини ташкил этиш бўйича имзоланган меморандумга мувофиқ, ушбу икки кўргазма уйғунлаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси маркетинг менежери Баҳром Тўйчиев. – Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида кўргазма доирасида махсус байер дастури (Special Buyer Program) амалга оширилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида мазкур дастурга асосан Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Туркия каби қатор давлатлардан 500 дан ортиқ йирик байерлар иштирок этди. Бу йил ҳам дастур бўйича кўплаб хорижий улгуржи ва чакана савдо тармоқлари вакиллари ҳамда ишлаб чиқарувчилар буюртмалар қабул қилиш учун Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Шунингдек, учрашув ва мулоқотлар, модалар ва саноат коллекциялари намойиши ҳамда ўзаро англашув меморандумлари ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши ҳам кўзда тутилган. Яна бир эътиборли жиҳати, кўргазмага қизиқувчилар онлайн тарзда рўйхатдан ўтиши ва электрон бейжга эга бўлиб, шу бейж билан кўргазма павильонларига кириши мумкин.

“Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2018” ўн иккинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаси тўқимачилик ускуналари бўйича МДҲ ҳудудидаги энг йирик кўргазма ҳисобланади. Бу йилги кўргазма қатнашчиларининг 15 фоизи маҳаллий, 85 фоизи хорижий компаниялар вакилларидир. Хусусан, у Ўзбекистон, Австрия, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Испания, Италия, Қозоғистон, Нидерландия, Корея Республикаси, Россия, Туркия, Франция, Хитой, Чехия, Швеция, Швейцария, Япония, Ҳиндистон каби давлатлардан 372 компания ва фирмаларни қамраб олади. Уларнинг 20 фоиздан ортиғи илк иштирокчилардир.

Кўргазма доирасида халқаро конференция ҳам ташкил этилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 988