ЎзА Ўзбек

30.08.2018 15:50 Чоп этиш версияси

Энг улуғ, энг азиз қадрият ижодкорлар нигоҳида (+видео)

Энг улуғ, энг азиз қадрият ижодкорлар нигоҳида (+видео)

"Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!"

Пойтахтимизда Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан "Энг улуғ, энг азиз" анъанавий республика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур ижодий танлов ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари, нашриёт ҳамда матбаачилик ривожига жиддий эътибор қаратиш, бу борадаги мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш борасида мисли кўрилмаган амалий ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

19.jpg

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Энг улуғ, энг азиз" республика танлови Ўзбекистонимизни, истиқлолимизни, унинг қадр-қиммати, саодатли неъматларини, тинч ва осойишта кунларимизни тараннум этувчи ижод намуналарини халқимизга танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилги ижодий лойиҳа "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этгани, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" давлат дастурининг маъно-мазмунини кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. 


Танловнинг республика босқичига 300 нафарга яқин ижодкордан 2 мингга яқин ижодий иш келиб тушди. 

Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар босқичларида 2 минг нафардан ортиқ ижодкор фаол иштирок этиб, 6 августдан 16 августгача ҳудудларда бўлиб ўтган тақдирлаш маросимларида 200 нафарга яқин ёзувчи, шоир, журналист, рассом ва киноижодкорлар ғолиб ва совриндорлар сифатида лойиҳа ташкилотчилари томонидан тақдирланди.

– Бугун долзарб бўлиб турган кўпгина масалалар – ёшлар тарбияси, маънавият, оилалар мустаҳкамлиги, жиноятчилик профилактикасида маҳаллаларнинг ўрни, таъсири беқиёс, – дейди "Маҳалла" радиоканали катта муҳаррири, танлов ғолиби Тўлқин Ёрқулов. – Уларни теран таҳлилий назар билан ёритиш журналистдан юқори билим, катта маҳорат талаб этади. Танлов янада кўпроқ изланишга, ишга катта масъулият билан ёндашишга ундайди.

Тадбирда ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Концерт дастури намойиш этилди. 

Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА
6 527