Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2017 17:49 Чоп этиш версияси

Енг шимариб, ғайрат билан ишлайдиган давр келди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқини ўқиб...

«Камолот»нинг олтин медалини олганман. Унга қўшиб магнитафон беришган. Бироқ мен буларни оқлай олмадим...

Тўғри, аввал «Камолот»нинг тадбирларида анчайин фаол эдим. Шунинг учун тақдирлашган. Бироқ талаба пайтим тўрт-беш марта университетдаги «Камолот»чилар йиғини-ю машваратида бўлгач, ўзимни бош-оёқ силкитиб, «ҳеч ким норизо чиқиб кетмаслиги керак» бўлган бу даргоҳдан нима олиб чиққанимни англолмадим.

Албатта, ғояларим бўлган. Дейлик, ёшлар йиғинларида тенгдошларимиз қоғоздан кўз узмай маърузабозлик қилиши ўрнига давра бўлиб гурунг қилишини, баҳслашишини истардим. Баъзи тенгқурларимнинг бир мавзу доирасида фақат умумий гапларни таъкидлаб, ўз жағини ва бошқаларнинг миясини оғритишидан кўра шу мавзунинг биргина жиҳати ҳақида гаплашиб олишимизни хоҳлардим. Бироқ бир-икки марта бунга эришдик, холос. Чунки етакчимиз «баҳс – яхши нарса, лекин сизларда негатив фикрлар кўпайиб кетмоқда», деди. Ва ўша-ўша «позитив» йўл – яна маърузабозликка қайтилди.

Яна менда шубҳа уйғотгани – айрим ҳолда истеъдодли, фикри бор тенгдошларимиз «Камолот» сафларига интилиш ўрнига ўз соҳасида қўшимча ишлаб, тажриба ва билимларини бойитиш билан машғул экани, иқтидори ҳаминқадар, бироқ ўйин-кулгига ўч, кўкрагига муштлаб бақиришга уста тенгқурлар «Камолот» қаторларини тўлдиришга кўпроқ урингани бўлган. Юрагида моддий илинждан бошқа ҳеч вақо йўқ иккинчи тоифани биласиз: «ғишт заводига?» – «мен!», «асфальт пиширишга?» – «Мен!», «карам етиштиришга?» – «МЕН!»... Ахир бир ёшнинг истеъдоди ва салоҳияти қанча ғовлаб кетган бўлса ҳам, яна маълум ихтисосликда ўқиб туриб, қанақасига турли йўналишларда ўз қобилиятини намоён қилавериши мумкин? Нега улар «кечирасизлар, менинг йўналишим бошқа, буни эплолмайман», демайди? Наҳотки, номига ўтказилган ўша йиғинларда соатлаб вақт ўтказиш уларга ёққан бўлса?..

Шулар сабаб мен борган сўнгги йиғинда даврага савол бердим: «Камолот» менга нима беряпти?». Бу – Ҳаракатдан моддий нимадир олган йигитчанинг катта маънавий эҳтиёжи ўлароқ юзага келган савол эди. Бироқ бунинг эвазига «фаол» тенгқурларнинг тавқи-лаънатига йўлиққаним қолди. Ўшанда менга жўр бўлиб уқтиришдики, «дўстим, сиз «Камолот» менга нима беряпти?», деб эмас, «мен «Камолот»га нима бермоқдаман?», деб яшашингиз керак!»...

Уларнинг гапи умуман тўғри эди. Бироқ бу сўзлар қалбдан чиққанига унча ишонмадим. Албатта, «Камолот»дан кўра унинг ишончини оқлай олмаганим учун ўзимдан хафа бўлганман. Шу билан бирга, Ҳаракат механизми тўғри йўлга қўйилмагани ҳақидаги шубҳам шубҳалигича қолган эди...».

Булар – яқин бир дўстимнинг ўн йиллик изтироблари.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқини ўқиб, дўстим айтдики, «жўра, қара, кўп йиллик саволларимга бугун жавоб топдим. Англаганим шу бўлдики, бундан 16 йил аввал ташкил этилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг бутун Ўзбекистон ёшларини бирлаштирган, том маънодаги оммавий ҳаракатга айлана олмаганига наинки мен каби бургага аччиқ қилиб кўрпасини куйдирганлар ёки шунчаки лоқайд бўлган ёшлар, балки бутун жамият айбдор экан. Катта мақсадларнинг рўёби учун барча саъй-ҳаракат ва қувватлар жамланиши шарт экан».

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг шу пайтгача қилган юзлаб лойиҳаларини, бутун фаолиятини буткул йўққа чиқариш фикридан йироқмиз. «Камолот» сафида юзлаб ёшларимиз ўз истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқаргани, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнига эга бўлгани ҳақиқат. Бироқ бунда ютуқлардан кўра хато-камчиликлар кўп бўлгани ҳам рост.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги объектив ва субъектив сабабларни аниқ мисоллар, инкор қилиб бўлмас исботлар билан айтаркан, аччиқ ҳақиқат ҳамиша шафқатсиз кўзгу бўлишига яна бир бор амин бўлдик. Президентимиз ўз вақтида “Камолот” жамоат ташкилоти сифатида тузилган бўлса-да, лекин ундан катта бир вазирлик вазифаси талаб қилинганини, унга жуда кенг ва улкан вазифалар топширилиши билан бирга, буларни бажариш учун зарур ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, тегишли имконият ва имтиёзлар яратиб берилмаганини таъкидлади. «Оқибатда “Камолот” ёшлар ҳаёти билан боғлиқ ҳамма нарсага жавоб берадиган ва айни пайтда ҳеч нарсага жавоб бермайдиган, мўрт ва заиф бир тузилмага айланиб қолганини бугун қанчалик оғир бўлмасин, эътироф этишимиз керак», деди.

Бунинг очиқ-ойдин далили биргина мисол – ён-веримизда ёшлар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайиб бораётганида ҳам кўринади. Дейлик, сал аввал пойтахтимизда 17 ёшли коллеж ўқувчиси Жасур Иброҳимов ўз курсдошлари калтаклашидан сўнг оламдан ўтгани интернет оламини қандай жунбушга келтирган бўлса, куни кеча яна бир навниҳол йигитнинг шундай разиллик қурбони бўлгани минглаб қалбларни ларзага солди.

Савол туғилади: нега ёшларимиз учун фойдали машғулотлар билан шуғулланишда шунча кенг имкониятлар яратилаётгани ҳолда балоғат бекатидаги айрим ўспиринлар ўз кучини қабоҳатга сарфламоқда? Уларда бунчалик шафқатсизлик ва тажовузкорлик қаердан пайдо бўлмоқда? Жавоб оддий – шундай бўзболалар кўнглида нима ўйлар борлиги билан шу пайтгача на ота-онаси, на яқинлари, на маҳалла-кўй ва на бошқалар етарлича қизиқмаган, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. «Камолот» ЁИҲнинг бу борада шу пайтгача аниқ механизми, афсуски, йўқ эди. Хушҳаво масканлардаги йиғинлар ё бир хил футболка кийиб кампаниябозликлар қилиш ёхуд стадионлардаги концертлар билан барча ёшларни буюк мақсадлар йўлида бирлаштиришнинг имкони бўлмади. Кўзгуга тик қараб айтилса, бор ҳақиқат шу!

Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси билан бу борада мамлакатимизда ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўла оладиган, барча тоифа ва гуруҳларини қамраб оладиган, уларни демократик принциплар асосида бирлаштирадиган мутлақо янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилгани эл-юртимиз ҳаётида тарихий воқеадир. Давлатимиз раҳбари ёшлар қалбига йўл топиш, улар билан доимий мулоқот қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши эканини яна бир бор эслатиб, «барча катта-кичик раҳбарлар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: биз энди сизларнинг фаолиятингизга пахта ёки ғаллага қараб эмас, энг аввало, сизларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатингизга қараб баҳо берамиз», деб таъкидлади.

Бунда муҳим жиҳат – Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг раҳбарларига катта мақом ва ваколат берилганида. Ташкилот раҳбари айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб боради, Президент фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланади. Ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланади.

Президентимиз қурултойда Ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Ёшлар ташаббуслари маркази каби тузилмалар фаолиятини жонлантириш, уларга янги мазмун ва руҳ бағишлаш кераклигини, таълим тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимларини ташкил этишни таъкидлади. Бунда Ёш олимлар уюшмаси, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази, Ёшлар туризми уюшмаси, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳам тузиш ғояларини илгари суриб, бу тузилмаларни қандай номлаш, уларнинг вазифаларини белгилаш бўйича фикрлашиб, бир қарорга келишни, аввало, ёшларнинг эътиборига ҳавола қилди.

– Мазкур қурултой Ўзбекистон ёшлари ҳаётида тарихий бурилиш, тараққиётнинг янги босқичи бўлди, айниқса, ёш олимларга янада катта эътибор қаратилиши ва барча имконият яратилишини тинглаб, тўлқинланиб кетдим, – дейди Хоразм вилояти делегати, Урганч давлат университети катта илмий ходим- изланувчиси Зокир Жуманиёзов. – Давлатимиз раҳбари айрим жойларда ўн бир йиллик умумтаълим тизими тикланишини, баъзи коллежлар биноси бўшаб қолишини айтди. Ана шундай биноларнинг бирида ёш олимларни тўплаб, уларнинг лабораторияси негизида кичик илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилишни мақсад қилдим. Бугун Хоразм вилояти шароитига мос керамик ғиштнинг янги тури бўйича илмий изланишлар олиб боряпман. Лаборатория таҳлиллари, илмий натижалар ва хулосалар кутганимиздан ҳам зиёд бўлди. Энди патент олсак, ишни бошлаймиз. Бу ғиштнинг механик мустаҳкамлиги кучли, сув шимувчанлиги паст ва шўрланишга чидамли бўлади.

Президентимиз қурултойда ёшларни иш билан таъминлаш учун аввало улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш кераклигини, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўзда тутилаётганини таъкидлади. Хусусан, ҳар бир туман (шаҳар) марказида Ёшлар тадбиркорлик кластерлари ташкил этилади. Улар фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга “ноль” қиймати билан ижарага берилади. Барча ҳудудда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарлардаги кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилади.

– Давлатимиз раҳбари қурултойда ўз бизнесини бошлаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли нархларда юридик, техник ва бошқа маслаҳат ёрдамлари кўрсатишни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлагани бежиз эмас, чунки аксарият ҳолда ёшларимиз айнан шу масалада етарлича амалий кўмак ололмагани учун тадбиркорликни бошлай олмайди, – дейди Сурхондарё вилояти делегати, «Камолот»нинг вилоят кенгашидаги Ёш тадбиркор консультатив маркази бош координатори Умид Қулмаматов. – Тадбиркор бўлишни истаган айрим ёшларда аниқ ва ишонарли бизнес-ғоя, етарли сармоя бўлмайди, кўпчилиги бозордаги рақобатдан чўчийди. Бу борада балки солиқ имтиёзлари ҳам қайта кўриб чиқилар. Дейлик, 2016 йили термизлик академик лицей битирувчиси Муҳаммадали Мирзааҳмедовнинг симдан металл тўр тўқиш бўйича бизнес-режасига 7 миллион сўмлик кредит ажратилган. Бироқ солиқ қонунчилигига кўра бу борада фақат коллеж битирувчиларига имтиёзлар назарда тутилгани боис у бундай имкониятдан фойдалана олмади. Шунга қарамай, ёш тадбиркор қўрқмай иш бошлади. Ҳозир ойига ўртача 20 миллион сўмлик маҳсулот тайёрламоқда. Икки ишчиси бор. Иссиқхоналар, спорт майдончалари ва бошқа объектларда металл тўрларга талаб катта. Афсуски, муаммолар гирдобини ёриб чиқиб, натижага эришаётган бундай ёш тадбиркорлар кўп эмас эди. Энди бу борадаги туб ислоҳотлар самарасида уларнинг сафи кенгайиши шубҳасиз.

Ижтимоий тармоқларда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи делегатлари, ёшларимиз форум таассуротларини баён қилар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилиш, йигитлар учун “Мард ўғлонлар” Давлат мукофотини таъсис этиш, курсантлар мактабларига “Темурбеклар мактаби” деб ном бериш, Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларга таълим бўйича шартнома тўлови миқдорининг 35-40 фоизини ташкилот ҳисобидан тўлаш, тизимда 3-5 йил ва ундан кўпроқ фаол ишлаб келаётган ходимларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги таклиф ва ташаббусларини қизғин қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, бу борада ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ҳам баён қилмоқда.

«Президентимиз ёшлар ҳаракатининг янги тўлқинига асос солди. Энди тадбирбозликлар, ёшлар ташаббусларига беписандлик ва енгил-елпи шоуларнинг даври ўтди. Ёшлар иттифоқи мамлакатимиз ёшларининг талаб ва истаклари асосида ишлаши, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда ҳаётий самара бериши учун барчамиз ички қолиплардан воз кечишимиз, бор куч-ғайратимизни тараққиёт сари йўналтиришимиз керак», деб ёзади Самарқанд шаҳридан ёш тадбиркор Бобур Шукуров. Бухоролик ёшлардан Шаҳина Ҳайитова қишлоқ ёшларининг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш борасидаги ташаббуслар ҳақида қуйидагича фикр билдирган: «Давлатимиз раҳбари мазкур қурултойда чекка-олис қишлоқлардаги ёшларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлагани бизни жуда қувонтирди. Рости, олис ҳудудларда «Камолот» тадбирлари қоғозда ўтказилган ҳолатларга кам гувоҳ бўлмаганмиз. Энди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қишлоқ ёшларининг орзулари рўёбига мустаҳкам пиллапоя бўлади. Бу борада ниҳоятда катта имкониятлар юзага келмоқда, ҳамма гап улардан унумли фойдаланишда».

«Қизлар учун янги журнал ташкил этилиши нафосат соҳибаларининг истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Энди ёшларимиз ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-ниятлари, энг муҳими, уларни қийнаётган масалалар ҳақида танқидий таҳлил ва креатив ёндашувни кучайтиришимиз, бугунги ҳаётни бутун кўлами, мазмуни, керак бўлса, мураккаблиги билан ёритишимиз керак», деб ёзади жиззахлик ёш тележурналист Умида Наврўзова. Наманган вилоятидаги «Bolalar dunyosi» газетаси мухбири Мафтуна Режаббоеванинг фикрича, «ёшлар ўртасида интернет орқали маънавий тарғибот ишлари, жумладан, электрон китобхонликнинг кучайтирилиши ёшлар ўртасида фикр алмашиш имкониятини кенгайтиради. Бу билан дид чархланади, тафаккур қувватланади. Бунинг учун, аввало, ёшларимиз ўртасида мутолаа маданияти юксалиши лозим».

Бундай мисоллар кўп. Уларнинг барчасини бирлаштирган жиҳат ягона: ёшларимиз Ватанимиз тақдирини ўз тақдири, деб билади, улар синовлардан қўрқмайди, ҳар қандай шароитда ҳам ўз фикрини эркин ифода этиб, эзгу мақсадларга собитқадамлик билан интилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларнинг дадил қадамларини, эзгу ташаббус ва интилишларини доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканига «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида барчамиз гувоҳ бўлдик: форум жараёнида ёшлар етакчиларига ёрдам бериш ўрнига уларга қўпол муносабатда бўлган айрим раҳбарлар ишдан олинди, мамлакатимиз ёшлари вакилларининг кўз ўнгида улар орасидан энг фаол бўлган икки йигит – Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети магистранти Олим Тўйчиев Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари, “Result” ўқув маркази раҳбари Алишер Саъдуллаев халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Дарвоқе, мақоламиз аввалида айтган дўстим қурултой таассуротларини шундай якунлади: «Жўра, бугунги укаларимизни қара, ўз фикри ва ғоясини қандай ишонч билан ҳимоя қилмоқда. Нима қилса ҳам улар мустақилликнинг болалари-да. Ўтиш даврида суяги қотган биз акаларини сал қолса, уялтирай дейди-я. Назаримда, аввало, ичимиздаги бир маҳдуд душман – хато қилишдан қўрқиш ҳиссини енгишимиз керак. Бугунги шиддатли давр «шап..», «шап...» дейишни кечирмайди. Бугун катта ғайрат билан енг шимариб ишлайдиган давр келди».

Умид Ёқубов, ЎзА
5 954






Все о погоде - Pogoda.uz