ЎзА Ўзбек

24.08.2018 18:15 Чоп этиш версияси

Энг осон иш – маслаҳат бериш

Энг осон иш – маслаҳат бериш

Сўнгги йилларда барча ривожланган давлатларда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам туризм инфратузилмасини яхшилаш, туристларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида соҳага илғор инновациялар жорий этилмоқда. Зеро, туризм юрт қиёфасини, одамларнинг турмуш тарзини, муомала маданиятини буткул ўзгартиришга хизмат қилувчи соҳалардан биридир.

Ҳар ким маънавиятидан келиб чиқиб сўз айтади!


Туристлар кўп келадиган мамлакат ривожланади, давлатга валюта тушуми ортади. Бунинг учун ўша давлатда ҳар томонлама осойишталик ҳукмрон бўлмоғи, саёҳат объектлари озода бўлиши, инсон саломатлиги учун хавфли бўлмаслиги жоиз. Бир сўз билан айтганда, саёҳатга борадиган давлатингиз маданият ва маънавиятда юксак ривожланган бўлиши керак.

Шу ҳақда ёзар эканман, журналист Никита Макаренконинг мақоласидаги шу жумлаларни ўқиб қолдим.

«Маънавият шаҳарнинг чиннидек тоза ва доно бўлишини истайди. Шаҳар у кутганидек бўлади ва охир-оқибатда ҳалокатга юз тутади. «Маънавият» сўзидан шаҳарни дунё даражасида рақобатбардош қилишга қодир кишилар юзини буриштирадиган даражага келиб қолди...» 

Аслида ҳамма иллат маънавиятсизлик, маданиятсизлик натижасида келиб чиқмайдими? Тонгда оила аъзолари бир-бирига салом бермаслиги, кўча-кўйда ҳол-аҳвол сўрамаслик, дуч келган жойга ахлат улоқтириш каби маънавиятсизликнинг кичик кўринишлари катта-катта маънавий бўшлиқларни олиб келмайдими?

Мақолада яна шундай жумлалар бор: «...Чегаралашга қаратилган ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди ҳам. Шаҳарликлар ва уларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинмади. Ҳеч бўлмаса, сайёҳларни ўйлаш керак эмасмиди?»

965740213.jpg

Ана, сизга маънавиятга тўла жумлалар.

Муаллиф оқлаётган «тунги ҳаёт» асл маънавиятсизликнинг бошланиши эмасми? Бу каби қарорда сайёҳларнинг Ўзбекистонга келишини чеклайдиган ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Ўзбекистон – сайёҳлар учун тинч, осойишта, хавфсиз мамлакат. Бу борадаги ишлар давлат назоратида. Шундай экан, хавотирга ўрин йўқ.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида спиртли ичимликлар билан боғлиқ турли кўринишдаги чекловлар йўлга қўйилган. Бу тинчлик-осойишталикни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган чоралардан биридир. 

Жумладан, Германиянинг Баден-Вюртемберг федерал ўлкасида дўконлар ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида соат 23:00 дан 5:00 га қадар алкоголь маҳсулотларини сотиш тақиқланган. АҚШда спиртли ичимликлар савдоси бўйича қатъий чекловлар ўрнатилган бўлиб, ҳар бир штатда бир-биридан фарқ қилади. Алкоголли ичимликлар улар савдоси билан шуғулланиш учун лицензияга эга дўконлардагина сотилади.

Италияда ҳам барлар ва клубларда тунги соат 03:00 дан 6:00 га қадар, дўконларда ярим тундан соат 6:00 га қадар, йўллар бўйида жойлашган масканларда эса соат 10:00 дан 6:00 гача спиртли ичимликлар сотилмайди.

081813-alcohol-600x400.jpg

Португалиянинг алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи дўконлари душанбадан жумага қадар соат 9:00 дан 13:00 гача ва соат 15:00 дан 19:00 гача ишлайди, байрам кунлари ёпиқ бўлади.

Россияда кечаси алкоголь ичимлиги сотувини чеклаш натижасида алкоголь ичиш кўрсаткичи киши бошига 3 литрга камайган. Натижада тунги безориликлар 23 фоизга, спиртли ичимлик таъсири оқибатида содир этилган жиноятлар 40 фоизга, умумий жиноят турлари эса 14 фоизга кам содир этилмоқда.

Ушбу мавзуга оид маълумотларни жуда кўп келтириш мумкин.

Маълумотларга кўра, юртимизда зўрлашларнинг 25 фоизи, қотилликларнинг 16 фоизи маст ҳолда содир этилган.

Спиртли ичимлик ортидан жанжал-тўполон келиб чиқиши табиий. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ўлимнинг 10 фоизга яқини маст ҳолда шикастланиш туфайли рўй беради. 

WHO.jpg

Бу каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, алкоголь маҳсулотлари чакана савдоси соат 21:00 дан, кафе ва ресторанларда соат 23:00 дан сўнг тақиқланади.

Тўғри, бу ҳолатга айримлар бир ёқлама ёндашув билан қарамоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида тунги чекловларни жорий этиш гўёки унинг нуфузини тушириб юборади, инсон эркинлигини чеклайди, туристларни бездиради, деган фикрлар шаклланмоқда. Масаланинг асл моҳияти эса буткул бошқача.

Туристлар масаласини олайлик. Биринчидан, туристлар Тошкентга спиртли ичимлик истеъмол қилиш учун келмайди. Иккинчидан, улар саёҳат учун энг аввало тинч ва хавфсиз шаҳарларни танлайди. Учинчидан, тун ярмидан оққан, айтайлик, кеч соат 11:00 дан кейин кафеларда шу пайтгача туристларни кам учратганмиз. Улар бу вақтда меҳмонхонада дам олаётган бўлади.

turist.jpg

«Нега энди дам оларкан?», дейишга шошилманг. Сиз ҳам қайсидир давлатга борсангиз, тунги ўндан кейин кўчада юрмайсиз. Ахир сиз ўз Ватанингизда эмассиз. Қолаверса, пойтахтимиздаги меҳмонхоналарнинг деразаларидан Тошкентнинг тунги манзаралари яна-да чиройлироқ кўринади. Бу туристлар учун янада қулай.

Демак, туристлар оқими камаяди, деган қараш мутлақо ноўрин.

Инсон эркинлигини чеклаш ҳақидаги фикрлар ҳам ўринсиздек. Оддий мисол келтирамиз. Ишдан кейин, айтайлик соат кечки саккизларда кафега бордик. Узоғи билан 2-3 соат ўтирамиз, бу пайтда соат 10 бўлади. Ўзига ҳушёр, эртанги ишини, оиласини ўйлайдиган одам кафеда тунги вақтда бекорга гап сотиб ўтирмайди-ку. Бекорчи, ишининг тайини йўқ одамлар эса "тунги клиентлар"га айланган. Кўнгилсиз ҳодисалар ҳам асосан улар томонидан содир этилади. Бу ёғи тушунарли...

Шу боис, мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, авваламбор, вояга етмаган ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг бузғунчи таҳдидларни барвақт аниқлаш бўйича якдил ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этади.

Tashkent.original.31922.jpg

Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида илк таҳрирдаги “Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий мажмуасини яратиш ва уни янада ривожлантиришга доир концепция ишлаб чиқилди. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг барчаси, аввало, аҳоли фаровонлиги ва хорижлик сайёҳларга янада қулайликларни яратиш мақсадида амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда бу каби амалий ишларга ҳар бир шахс ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилса тўғри бўларди. Бу она Ватанни севиш, масъулият ва фуқаролик бурчи деган бўлардим.

«Оқни оқ, қорани қора», деган маъқул албатта. Аммо энг ёмони "тирноқ орасидан кир" қидиришдир. Бугунги кун ислоҳотлари, ижобий ўзгаришларни кўриб туриб кўрмасликка, англаб англамасликка олиш, ёки ундан фақат камчилик қидириш фарзандлик бурчи эмас.

Бугунги ўзгаришларга ҳар ким турлича муносабат билдириши мумкин. Бироқ сўз айтишдан олдин уни ўйлаш, мушоҳада қилиш инсонга хос. Шундай экан, аввало ҳар биримиз боқимандалик кайфиятидан буткул чиқиб, ривожланиш йўлини танлаётган илғор инсонлар қаторида туриб, илдам одимлаётган давлатимиз равнақи учун ҳаракат қилмоғимиз зурур.

Юнус Каримов, 
халқ депутатлари Тошкент шаҳар 
Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш”
демократик партияси гуруҳи аъзоси

15 542