ЎзА Ўзбек

01.03.2018 11:27 Чоп этиш версияси

Энг намуналилар ғолиб бўлди

Гулистон шаҳрида “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, диний экстремизмга қарши курашишда ички ишлар органлари билан халқнинг бирдамлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Мазкур танлов фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш, маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш борасида профилактика хизмати ходимлари томонидан давлат бошқаруви органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илғор тажрибани оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Танловда Гулистон шаҳридаги “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 2-таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант Санжар Муродов ғолиб бўлиб, мамлакат босқичига йўлланма олди. Оқолтин тумани “Кўркам диёр” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 61-таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант Умиджон Ҳотамов 2-ўринга, Мирзаобод тумани “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 182-таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант Жамолиддин Ҳожибоев 3-ўринга сазовор бўлди.

Шунингдек, “Энг фаол профилактика инспектори”, “Энг фаол маҳалла посбони”, “Ибратли хотин-қизлар қўмитаси раиси”, “Адолатли яраштириш комиссияси раиси”, “Намунали ёшлар етакчиси”, “Энг фаол жазони ижро этиш инспекцияси ходими”, “Ички ишлар органлари бошлиқларининг энг фаол ёшлар масалалари бўйича ўринбосари”, “Энг фидойи сектор раҳбари” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
8 822