Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.04.2018 21:44 Чоп этиш версияси

Энг намунали сардорлар кенгашлари

Бухорода “Энг намунали туман (шаҳар) Сардорлар кенгаши” танловининг мамлакат босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилотининг туман ва шаҳар кенгашларидаги Сардорлар кенгашлари ўртасида ташкил этилган танловда 14 жамоа “Бу бизнинг фаолиятимиз...”, “Бизнинг имкониятларимиз”, “Интеллектуал ринг” шартлари бўйича ғолиблик учун баҳслашди.

Мамлакатимиздаги барча ўрта таълим муассасаларидаги Сардорлар кенгаши ўз атрофига 3,5 миллиондан зиёд ўқувчини бирлаштирган. Бу жамоатчилик тузилмаларининг асосий фаолияти ўқувчилар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни миллий ғоя, умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, ижтимоий дахлдорлик, экологик маданият, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат. Ёшлар иттифоқи, “Камалак” болалар ташкилотининг қуйи бўғинлари ва Сардорлар кенгашлари аъзоларининг фаолият самарадорлигини ошириш, уларда ёшлар билан ишлаш кўникмалари, ижодий, интеллектуал ва ташаббускорлик қобилиятини ривожлантириш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Танлов айни шу масалалар ечимига қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Иштирокчилар Сардорлар кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишларни бадиий чиқишлар орқали таништирди. Шунингдек, жамоалар кейинги ўқув йилида Сардорлар кенгаши йўналишларидан келиб чиқиб, бугунги кунда болалар ўртасида долзарб бўлган муаммолар ечими бўйича янги лойиҳаларини тайёр жамланма шаклида тақдим этган ҳолда саҳнада кўргазмали воситалар орқали ҳимоя қилди. Айни пайтда танловда жамоа аъзоларининг ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилоти ҳамда Сардорлар кенгаши фаолияти юзасидан билимлари ҳам синовдан ўтказилди.

Бухоро вилояти Когон шаҳрининг “Энг, самый, very” жамоаси ғолиб бўлди.

– Шаҳримизда 11 умумтаълим мактаби бўлиб, уларда Ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилотининг 198 Сардорлар кенгаши фаолият кўрсатмоқда, – дейди “Энг, самый, verу” жамоаcи етакчиси, Ёшлар иттифоқи Когон шаҳар кенгаши қошидаги Сардорлар кенгаши раҳбари О.Саидов. – Биз уларга ўзлари бошқараётган “Ёшлар иттифоқи сардори”, “Камалак” сардори”, “Ижтимоий ҳимоя”, “Ўқув” каби бўлимлар, “Истеъдодли ёшлар”, “Етакчи”, “Меҳр-шафқат”, “Экосан” клубларига услубий ёрдам кўрсатиб, мақсадли дастур ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашмоқдамиз. Илғор иш тажриба ва ютуқларини оммалаштириш доимий эътиборимизда. Булар ёшлар фаоллигини ошириш, уларда ишчанлик ва ташаббускорлик қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрининг “Келажак бунёдкорлари” жамоаси иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманининг “Ayden Kelechek” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ва фаол иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Танлов шартига кўра, ғолиб жамоа тўла таркибда, иккини ва учинчи ўринларни олган жамоалар вакиллари жорий йил май ойида Қашқадарё вилоятининг “Лочин” оромгоҳида ўтказиладиган “Камалак” болалар ташкилотининг республика анжуманида иштирок этади.

Танлов доирасида ташкил этилган Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси, қадимий Арк қўрғони, Лаби ҳовуз ансамбли ва Бухоро шаҳрининг бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳат ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
5 610