ЎзА Ўзбек

12.12.2017 19:16 Чоп этиш версияси

“Энг намунали оила” кўрик-танловининг мамлакат босқичида кимлар ғолиб бўлди?

“Энг намунали оила” кўрик-танловининг мамлакат босқичида кимлар ғолиб бўлди? Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган “Энг намунали оила” кўрик-танловининг мамлакат босқичида асосий эътибор намунали оилалар тарғиботи, унинг жамиятдаги ўрни, оилавий муносабатлар, аҳиллик, миллий расм-русумлар ифодасига қаратилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танловда вилоят босқичларида ғолиб бўлган 14 оила қатнашди.

4.JPG

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Г.Маъруфова ва бошқалар мамлакатимизда оила институтини янада такомиллаштириш, оилаларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият тараққиётида ўрнини оширишга қаратилган ислоҳотлар ижроси оилалар аҳил ва тотувлигини таъминлаш, фарзандларимиз порлоқ келажаги, бахту саодатини яратишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

17.JPG

– Бош қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллигини кенг нишонладик, – дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Д.Қўзиева. – Унинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга экани белгилаб берилган. Бундай имкониятлар оилалар аҳиллиги ва ҳуқуқлари ҳимояланганидан далолат беради. Бугунги танловнинг мазмун-моҳияти ҳам оилаларда барчага ибрат бўладиган анъаналарни давом эттиришга қаратилган. Унинг ҳудудий саралаш босқичларида 15 минг 624 оила иштирок этди. Унда оилаларнинг ҳаётий тажрибаси, оилада ота-онанинг ўрни, фарзандлар муносабати, китобхонлик даражаси, фарзандларни меҳнатга ўргатиш кўникмаси, миллий қадриятларни билиши, соғлом ҳаёт тарзига риоя этиш, оила аъзоларининг маҳалла ва жамоат ишларидаги иштироки каби жиҳатлар инобатга олинди. “Меҳрибон қайнона”, “Китобсевар оила” номинациялари бўйича ҳам ибратли оилаларни барчага намуна қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинди.

18 (1).JPG

Иштирокчилар “Оилаларнинг таништирув чиқишлари”, “Биз китобхон оиламиз” ва “Оила мустаҳкамлиги – юрт тинчлиги” шартлари бўйича ўзаро баҳслашди. Якуний натижаларга кўра, Бухоро вилоятидан Саъдиевлар оиласи биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳридан Қодировлар оиласига, учинчи ўрин Самарқанд вилоятидан Ражабовлар оиласига насиб этди.

19.JPG

– Бугунги шиддатли ҳаёт ҳар бир оила аъзосидан маънавий комилликни талаб этмоқда, – дейди танлов ғолиби Нигора Латипова. – Маърифий юксак оиланинг жамиятда ўрни баланд ва обрўли бўлади. Оиламиз билан танлов шартларини бажаришда айнан шу жиҳатларга эътибор қаратдик. Турмуш ўртоғим Ҳикматулла Саъдиев ҳарбийликдан нафақага чиққан. Беш фарзанд тарбиялаб, вояга етказдик. Ўзим айни пайтда Ромитон туманидаги 3-умумтаълим мактабида меҳнат қиламан. Учинчи шарт бўйича оила аъзоларимиз билан “Гумроҳ” деб номланган видеороликни тайёрлаб, унда оиладаги меҳрсизлик, фарзанд тарбиясига эътиборсизлик, мафкуравий иллатлар каби муаммоларни олиб чиқдик ва барчани огоҳликка ундадик.

Ғолиблар ва танловнинг фаол иштирокчилари “Китобсевар оила”, “Спортчи оила”, “Ишбилармон оила”, “Меҳрибон қайнона”, “Аҳил оила”, “Саховатли оила”, “Ибратли келин”, “Файзли оила” номинациялари бўйича ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдирланди.

Насиба Зиёдуллаева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
19 287