ЎзА Ўзбек

13.06.2019 Чоп этиш версияси

Энг катта муаммо – миллий манфаатларни ҳимоя қилишдаги оқсоқлик

Энг катта муаммо – миллий манфаатларни ҳимоя қилишдаги оқсоқлик

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ёш журналистлар кенгашининг "Матбуотда "устоз-шогирд” анъанаси: ютуқ ва муаммолар, назария ва амалиёт бирлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда сўзга чиққанлар малакали ва замонавий билим ҳамда технологияларни, хорижий тилларни яхши эгаллаган журналистларни тайёрлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани, соҳада назария ва амалиёт бирлигига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

photo5195035718341208883.jpg

– Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошида тўққизта кенгаш бўлиб, улардан бири Ёш журналистлар кенгашидир, – дейди “Ёшлар овози” ва “Молодёжь Узбекистана” газеталари бош муҳаррири, кенгаш раҳбари Фахриддин Каримов. – Муҳокамалар давомида шу нарса маълум бўлмоқдаки, бугунги кунда "устоз-шогирд" анъанаси бироз оқсамоқда. Доимий ижодий мулоқотларнинг камлиги, кўпгина таҳририятлар қошида маҳорат мактабларининг фаолияти йўлга қўйилмагани, ёш журналистларнинг долзарб муаммолар ечимига бағишланган лойиҳаларининг қўллаб-қувватланмаслиги, уларнинг уюшма томонидан турли танловларга, хорижий давлатларга сафарларга тавсия этилмаётгани каби бир қанча муаммолар мазкур анъанага салбий таъсир кўрсатмоқда. Шароит, вазият ўз йўлига, бироқ журналистиканинг ўзгармас қонун-қоидалари бор. Уларни ёшларимизга тез-тез эслатиб туришни унутмаслик керак. Ёш журналистлар мамлакат ҳаёти, давлат тараққиётига дахлдор, халқаро миқёсдаги долзарб сиёсий муаммоларни имкон қадар ижтимоийлаштириши, ечимларини тезкорлик билан топиши лозим. Мулоқотлардан аён бўлмоқдаки, бугун миллий журналистикамизнинг энг катта муаммоларидан бири – миллий манфаатларни ҳимоя қилишдаги оқсоқлик. Бунинг учун эса, аввало, ёш ҳамкасбларимиз миллий манфаатлар нима эканлигини билиши, таҳлил қила олиши лозим.

Устоз журналистлар тажрибасидан ўқув-амалиёт жараёнларида кенг фойдаланиш, “устоз-шогирд” анъанасини янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

5 493
Инобат АҲАДОВА, ЎзА