ЎзА Ўзбек

15.07.2018 00:09 Чоп этиш версияси

Энг кўп мурожаатлар ишсизлик, уй-жой ва банклардан кредит олишга доир муаммоларга қаратилган

Энг кўп мурожаатлар ишсизлик, уй-жой ва банклардан кредит олишга доир муаммоларга қаратилган
“Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурини амалга ошириш асносида ёшларнинг иқтисодий-ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида тузилган ишчи гуруҳнинг юзга яқин вакиллари ёшларнинг ҳаёти билан танишиш орқали муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечимларини топиш мақсадида маҳаллаларда юриб, ишсиз, моддий, ҳуқуқий, маънавий кўмакка муҳтож ёшларни аниқлаб, уларга манзилли ёрдам бериш чораларини қидирмоқдалар.

Тошкент шаҳрининг 11 туманида мазкур ишчи гуруҳлари томонидан йиғилган маълумотларни ахборот базасига киритиш, уларни таҳлил қилиш ва ўрганиш учун штаблар ташкил этилган. Шу кунларда мазкур штаблар қизғин фаолият юритмоқда. Ҳар бир штабга 15 нафарга яқин ташкилот ва корхоналар ходимлари бириктирилган. Хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар бўлими вакиллари, банк хизматчилари, турли вазирликлар мутасаддилари ўз соҳаларига доир масалаларни ҳал қилишмоқда.

Тошкент шаҳри ишчи гуруҳи раҳбари – Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент шаҳридаги Алоқа касб-ҳунар коллежи ва Турин политехника университети қошидаги академик лицейга бориб, штаб фаолиятини ўрганиб, штабга мурожаат билан келаётган ёшлар билан учрашди. Учрашув давомида кўпроқ уч хил муаммо бўйича мурожаатлар келиб тушаётгани аниқланди, булар – ишсизлик, уй-жой ва банклардан кредит олишга доир муаммолар экани қайд этилди.

Шу билан бирга ёшларимизни таълим олишга доир муаммолар ҳам қийнаётганига гувоҳи бўлинди. Жумладан, ёшларга бериладиган айрим махсус имтиёзлар барча олий таълим муассасаларига бирдек қўлланиши лозимлиги, ёшларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда коллеж, лицей ва олий таълим муассасаларида рус ёки ўзбек тили гуруҳларига қабул квоталарини ўзгартириш лозимлиги ҳақида таклифлар билдирилди. Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида режалар тузиб қўйганлари, аммо уларни амалга ошириш учун кредитлар берилмаётгани ҳақида ҳам гапирилди, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаган ёшларда ҳуқуқий билимлар ва тажрибанинг камлиги ҳам алоҳида мавзуга айланди. 

Ишчи гуруҳ аъзолари пойтахтимизнинг ҳар бир маҳалласида болалар ва ўсмирларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун турли хил тўгараклар, спорт секциялари ташкил этиш бўйича зудлик билан амалий ишлар қилиниши кераклигига келишиб олдилар.


ЎзА
5 323