ЎзА Ўзбек

10.08.2018 17:31 Чоп этиш версияси

Энг кўп китоб ўқиган ва уққанлар ғолиб бўлди

Андижонда “Ёш китобхон” танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтди.

Ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган танловнинг саралаш босқичларида 37,5 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди. Уларнинг 564 нафари туман ва шаҳар босқичларида баҳслашди.

Иштирокчилар 10-14, 15-19, 20-30 ёш тоифасида “Ўзбек адабиёти билимдони” ва “Жаҳон адабиёти билимдони” шартлари бўйича билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.

– Танловда катта қизиқиш билан иштирок этдим, – дейди 10-14 ёшлилар тоифасида Андижон тумани босқичи ғолиби Дилдора Ҳабибуллаева. – Туман босқичида ғолиб бўлганимдан хурсандман. Энди танловнинг вилоят ва мамлакат босқичида ҳам ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан. Бу билан ота-онам ва устозларимнинг, биз, ёшларга барча шароит яратиб бераётган Президентимизнинг ишончини оқлаган бўламан.

Туман ва шаҳар босқичларида биринчи ўринни эгаллаган 47 нафар ёш китобхон танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
4 411