ЎзА Ўзбек

02.04.2018 21:11 Чоп этиш версияси

Энг ишончли дўст

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2 апрель –Халқаро болалар китоби куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Мамлакатимизда ёш авлод маънавиятини юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири сифатида болалар китобхонлигини, уларнинг бадиий адабиётга бўлган меҳрини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ижтимоий аҳамиятга эга китоблар, айниқса, болалар учун адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш, ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, таълим масканлари ахборот-ресурс марказларининг кутубхона фондлари, кутубхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари”ни ўқув-услубий, техник адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини самарали ташкил этиш юзасидан кўплаб кўрик-танловлар, акциялар, ижодий-маърифий лойиҳалар, викториналар ўтказилаётгани болаларнинг ўқишга бўлган интилишини янада кучайтиришга, улар онгида яхши китоб энг ишончли дўст эканига оид фикрни мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирда болалар ёзувчи ва шоирларининг ижоди, юртимиздаги нашриёт-матбаа ижодий уйларининг болалар адабиётини оммалаштириш ва тарғиб этиш бўйича фаолияти, чоп этилаётган янги асарлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
6 782