ЎзА Ўзбек

13.06.2019 12:35 Чоп этиш версияси

Энг илғор ташаббуслар қўллаб-қувватланди

Энг илғор ташаббуслар қўллаб-қувватланди

“Ташаббус – 2019” кўрик-танловининг Андижон вилояти босқичида 78 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Кейинги йилларда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги салмоғи, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми, тури ва сифати ортиб бормоқда. Бу танлов доирасида намойиш этилган саноат, қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат, шунингдек, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларида ҳам яққол намоён бўлди.

Улуғнор туманидаги "Ulu`gnor runo" масъулияти чекланган жамияти томонидан қўй жунини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳа кўпчиликнинг эътиборини тортди.

10.JPG

– Ишни кластер усулида ташкил этганмиз, – дейди корхона раҳбари Улуғбек Абдурайимов. – Дастлабки босқичда аҳолидан йиғиб олинган жунни ювиш, қадоқлаш ва экспорт қилиш йўлга қўйилди. Жунни ўзимизда қайта ишлаш мақсадида зарур технология олиб келинди, йил охирига қадар бўяш цехи ишга тушади. Бундан ташқари, Испаниядан зотли қўйлар олиб келиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу сифатли хом ашёни ўзимизда тайёрлаш имконини беради.

Тадбиркор ва фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилаётган халқ хўжалиги, озиқ-овқат, сут маҳсулотлари, шунингдек, ҳунармандлар томонидан тайёрланган бежирим, бир-биридан чиройли либослар, миллий дўппилар, дурадгорлик маҳсулотлари кўпчиликнинг эътиборини тортди.

6.JPG

Қўрғонтепа туманидаги "Inter agro star" кўп тармоқли чорвачилик-наслчилик хўжалигида 450 бош қорамол, 5 минг 600 бош зотли қўй боқилмоқда. Шу билан бирга, полиз ва сабзавот маҳсулотлари ҳам етиштирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 70 минг АҚШ доллари миқдоридаги гилос ва 65 тонна саримсоқпиёз Хитой ҳамда Россия давлатларига экспорт қилинди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, “Саноат соҳасидаги йилнинг энг яхши тадбиркори” деб Хонобод шаҳридаги “Илҳомжон Иномжон текстиль” МЧЖ раҳбари Достонбек Умаралиев, “Хизмат кўрсатиш соҳасидаги йилнинг энг яхши тадбиркори” деб Андижон шаҳридаги “Қобил али люкс” МЧЖ раҳбари Камолахон Муҳаммедова, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” деб Андижон шаҳридаги “Сибус” МЧЖ раҳбари Хосиятхон Зияева, “Йилининг энг яхши фермери” деб Қўрғонтепа туманидаги “Интер агро стар” фермер хўжалиги раҳбари Носиржон Мадраҳимов, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” деб асакалик миллий қўғирчоқлар устаси Ёқутой Ўринбоева топилди.

8.JPG

– Миллий қўғирчоқлар, совғабоп маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланаман, – дейди танловнинг “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси ғолиби Ёқутой Ўринбоева. – Юртимиз тарихи, халқимизнинг миллий анъана, қадрият, санъатини акс эттирувчи ушбу маҳсулотлар айниқса, хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис ҳам тайёрлаган маҳсулотларимнинг аксариятини хорижликлар харид қилмоқда.

9.JPG

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғлари билан тақдирланди.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзA
1 292