ЎзА Ўзбек

09.07.2018 12:20 Чоп этиш версияси

Энг фаол ёш кимёгар

Энг фаол ёш кимёгар
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда ғолиб бўлган 10 нафар ёш кимёгар ўз ихтиролари тақдимоти билан иштирок этди.

Мазкур танловни ўтказишдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топиши, ўзи танлаган касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини шакллантириш, инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга татбиқ этиш орқали янги иш ўринларини яратишдан иборат.

Танловда ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, инновацион ишланмаларининг республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Шунингдек, ёш мутахассислар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишларнинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилди.

“Навоийазот” акциядорлик жамияти ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш ва маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Ҳотам Ёриев биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.

– Танлов янги имкониятлар эшигини очишда катта аҳамиятга эга, – дейди Ҳ.Ёриев. – Ғояларимизни амалга оширишда, ўзаро тажриба алмашишда кенг майдон вазифасини ўтамоқда. Ўйлайманки, бизнинг тадқиқотларимиз келгусида юртимиз фаровонлигига хизмат қилади.

“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти илмий ривожлантириш бошқармасининг ташаббус гуруҳи етакчи мутахассиси Отабек Мадаминов иккинчи, “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти катализатор цехи бошлиғи Арсен Алиев ҳамда “Деҳқонобод калий заводи” масъулияти чекланган жамияти янги инновацион ғоялар ва технологиялар хизмати инновация бўйича муҳандиси Муродилла Пўлатов учинчи ўринни эгаллади.

Барча иштирокчиларга рағбатлантирувчи совғалар тақдим этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
10 307