ЎзА Ўзбек

03.07.2018 17:00 Чоп этиш версияси

Энг фаол ёш дастурчилар аниқланди

Энг фаол ёш дастурчилар аниқланди
Пойтахтимиздаги Инҳа университетида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Энг фаол ёш дастурчи” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси раиси А.Ишанходжаев ва бошқалар ёшларни интеллектуал ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Танлов алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёшлар интилишини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоя ва лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилди.

Асосий эътибор иштирокчиларнинг янги ишланма, лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ қилингани, улар асосида дарсликлар, ўқув қўлланмалар, илмий-оммабоп китоблар чоп этилгани, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолалари, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, жамоат ишларида фаол иштироки каби жиҳатларига қаратилди. Танловнинг қуйи босқичларида ана шундай ишланма ва ғоялари билан 36 нафар номзод ҳужжатлари худудий ва республика комиссиялари томонидан баҳоланиб, улардан 9 нафари танловнинг республика босқичига етиб келди.

Тошкент ахборот технологиялари университети дастурий таъминот кафедраси доценти вазифасини бажарувчи Ортиқ Рўзибоев танловнинг республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритди.

– "Маълумотлар интеллектуал таҳлили усуллари асосида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратонини ташхислаш алгоритмлари ва дастурий таъминоти" ишланмаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдим, – дейди О.Рўзибоев. – Республика онкология ва радиология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда яратилган ишланма аёлларда учрайдиган кўкрак бези ва бачадон бўйни саратонини ташхислашда ишлатилади. Мазкур дастурий таъминот дастлаб Тошкент шаҳридаги поликлиникалар базасида синовдан ўтказилиши режалаштирилган.

Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали мустақил тадқиқотчиси Феруза Очилова иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин мазкур университетнинг Нукус филиали ассистент-ўқитувчиси Азизбек Қодировга насиб этди.

Танлов ғолиблари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Даврон Суннатов, ЎзА
14 705