ЎзА Ўзбек

06.07.2018 19:10 Чоп этиш версияси

Энг биринчи вазифа – аҳолини уйғотиш


№ 50 .Чустий.jpg

Комилжон АБДУРАҲМОНОВ,
"Чустий" МФЙ раиси:

– Маҳалламиз асосан кўп қаватли уйлардан ташкил топган бўлиб, улар сони 26 та. 1180 хонадонда 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. 

Кўп қаватли уйларнинг кўплиги боис, улар атрофидаги ободонлаштириш, канализация масалаларида айрим муаммолар бор. Мазкур муаммоларни ҳал этиш, аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида ширкатлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Айни кунларда маҳалламизда замонавий маҳалла идораси қурилиши ишлари авжида. Бу ишлар ҳали якунига етмаган. Саккизта маҳалла ҳудудига масъул шаҳар ички ишлар бошқармаси қурилиши бошланган. Яқинда бу бино ҳам қуриб битказилади ва маҳаллалардаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган ишлар самараси янада ортади.

Тўй-ҳашам, оилавий тантаналарни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари аҳолининг кўпчилик қисмига маъқул. Кўпчилик кишилар камчиқим тўй қилиб бошқаларга ўрнак бўлмоқда. Шу ўринда бир таклифим кўпчилик тежаб қолинган маблағга келин-куёвларни сайёҳатга жўнатиш фикрини илгари сурмоқда. Бундан кўра, ёшларни эмас, шунча йил фарзанд ўстириб, орзу-ҳавас умидида яшаган, уларни янги ҳаётга бошлаб, ҳар томонлама таъминлаган ота-она мана шу хизматлари мукофоти учун саёҳатга бориши, бирор ерларни зиёрат қилиши, соғлигини мустаҳкамлаши тўғри эмасми? Ёшлар эса катталар олдида ўз хизматларини қилишса мақсадга мувофиқ бўларди.

Президентимиз ташриф чоғида бўш иш ўринлари яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Кўпчилик инсонлар норасмий ишлар билан банд бўлиб, уларни давлат муассасаларида доимий бандлигини таъминлаш мақсадида туман бандлик маркази билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Маҳалладаги тадбиркорлар ҳам ишга жойлаштиришга кўмаклашмоқда. Афсуски, маҳалламизда ишлаб чиқариш корхоналари кўп эмас.

Менимча, бугунги кунда энг биринчи вазифа аҳолини уйғота олиш, уларнинг шахсий ташаббусини юзага чиқаришдир. Мана шунда мавжуд барча муаммолар ўз ечимини топади.

ЎзА
10 580